Бугун  Гродно давлат тиббиёт университети юқумли касалликлар кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори, Беларусь Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Владимир Циркунов Наманган вилоятида бўлди. Таниқли шифокор – олим  дастлаб вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрди. Меҳмонга тиббиёт маркази  бош шифокори Зафар Холов мазкур муассасада яратилган шароитлар, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Профессор Владимир Циркунов тиббиёт марказининг гастроэнтерология  ва анестезиология-реанимация бўлимларига ётқизилган беморлар билан суҳбатлашди. Уларни даволаш жараёнлари билан танишиб, соғломлаштириш ишларини янада жадаллаштиришга оид тавсияларини берди. Маҳаллий шифокорлар билан эса ўз тажрибасидан келиб чиқиб, илмий тадқиқотлари доирасида фикрлашди. Оғир беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш юзасидан тегишли  маслаҳатларини баён этди.

—  Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Юқумли касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволаш юзасидан тажриба алмашиб турамиз. Наманганга эса учинчи бор келишим. Ҳар гал шифохоналарда бўлиб, соҳада амалга оширилаётган янгиликлар билан танишаман. Беморларга тиббий хизмат кўрсатаман. Ҳамкорлигимиз ижобий самаралар бераётганидан мамнунман, — дейди В. Циркунов.

Куннинг иккинчи ярмида “Шодиёна” тантаналар мажмуида гепатологиянинг  долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Фарғона водийси вилоятлари мутахассислари иштирок этдилар. Беларуслик олим Владимир Циркунов “Жигар зарарланиши ва жигар ичи холестори” ва  “Латент жагар энцефалопатеяси” мавзуларида маърузалар билан чиқди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар юзасидан тегишли жавоблар олдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш