8-умумтаълим мактаби Наманган шаҳридаги тўнғич илм масканларидан бири ҳисобланади. Унинг ташкил топганига салкам тўқсон йил бўлди. Айни пайтда бу ерда 658 ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Уларга 32 нафар малакали педагог таълим-тарбия бермоқда. Мактабда турли мавзуларда тадбирлар, маънавий-маърифий кечалар ўтказиб турилади. Февраль ойининг ўзида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари муносабати билан сермазмун тадбирлар ташкил этилди.

– Ўқувчиларнининг маънавий-маърифий даражасини ошириш, уларнинг ижодий қобилиятларини ўстиришга қаратилган учрашув ва суҳбатлар уюштириш ҳам педагогик жамоамизнинг диққат марказида турган масалалардан бири, — дейди мактаб директори Баҳодиржон Абдурасулов. – Болаларнинг ижодкорлар билан мулоқотлари ҳамиша жонли ва қизиқарли ўтади. Улардан олинадиган таассуротлар эса ўқувчиларда билим олишга рағбатни кучайтиради.

Яқинда мактабга яна бир гуруҳ ижодкорлар ва маънавиятчилар ташриф буюришди. Юқори синф ўқувчилари билан суҳбатда халқимиздан етишиб чиққан алломалар, уларнинг меросини пухта ўрганиш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, адабиётнинг жамият ва ҳар бир инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида фикрлашилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, адиб ва таржимон Нурбек Абдуллаев, “Наманган” нашриётининг директори, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, шоира Беназир (Гулчеҳра Зокирова), Наманган давлат университети ўқитувчиси Неъматжон Бобохонов ўз мулоҳазаларини баён этдилар. Шундан сўнг ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам олдилар. Мактаб кутубхонасига “Наманган” нашриётида чоп этилган бир қатор янги китоблар совға қилинди.

 

 

Улашиш