Наманган вилояти шифокорларининг чет эл нуфузли клиникалари мутахассислари билан ҳамкорлиги доираси кенгайиб бормоқда. Ўтган ойда россиялик шифокор олимлар гуруҳи Наманганда иш олиб борган эди. Бугун Ҳиндистондаги  етакчи клиника – FORTES  вакиллари юртимизга келишди.

FORTES клиникаси малакали мутахасислари  уч кун давомида водий аҳолисига беминнат  тиббий хизмат кўрсатишади. Аниқроғи,  кардиожарроҳлик, ортопедия-нейрожарроҳлик ва нефрология-урология йўналишлари бўйича тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Фаолият бошланиши олдидан ҳиндистонлик меҳмонлар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюришди. Тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов шифохонада болаларни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳусусида гапириб берди. Шундан сўнг        FORTES клиникаси ортопед-нейрожарроҳи Дивеш Гулати шу жойнинг ўзида бемор болалар қабулини бошлади. Кўкрак бели умртқалари  чуррасидан азият чекаётган Сардор Қаюмовнинг ҳолати чуқур ўрганиб чиқилди. Хориж шифокори болакайни оғир хасталикдан халос этиш юзасидан қимматли тавсияларини берди.

— Узоғимиз яқин бўлиб, ҳиндистонлик шифокорлар диёримизга келишди. 10 ёшли қизим Муштарийни малакали мутахассисга кўрсатиб чиқяпман,- дейди фарғоналик Сайёра Холматова. Энди унинг дардини енгиллатиш чоралари кўрилади.

Раджу Вияс Ҳиндистоннинг таниқли шифокорларидан бири. Кардиожарроҳ вилоят  кардиология марказида юрак хасталикларидан азият чекаётган беморларни қабул қилмоқда.

— Саккиз йилдан бери Ҳиндистонга бориб, кардиологлар кўригидан ўтишни орзу қилар эдим. Бугун мақсадимга эришганимдан ғоят шодман. FORTES клиникаси етакчи мутахассиси Раджу Вияс саломатлигимни, хасталигимга оид текширув маълумотномаларини обдон ўрганиб, тегишли тавсияларини берди. Соғлиғимни тиклашга умид ўйғонди. Раҳмат, шу хайрли иш ташкилотчиларига,- дейди наманганлик Жаҳонгир Султонов.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази поликлиникасида ҳам тиббий кўрик ўтказилмоқда. Уни мазкур клиника шифокори, профессор Салил Джаиннинг асиссенти Кумар Аниш ва мамлакатимиз нефролог шифокорлари амалга оширишяпти.

Хонага навбатдаги фуқаро кириб келди. Бемор Муҳаррам Жўраева буйрак касаллигидан озорланаётганлигини айтди. Мутахассислар онахоннинг ҳолатини  суҳбат чоғидаги шикоят ва тиббий текширувлар натижалари асосида чуқур таҳлил этишди. Оғир хасталик азобини чекаётган хастахол зудлик билан касалхонага ётқизилиб, тезкор равишда даволанадиган бўлди.

Юқоридагилар ҳиндистонлик шифокорларнинг Намангандаги фаолиятидан айрим лавҳалардир. Жараён изчил давом этмоқда.

FORTES клиникаси вакиллари орасида нафақат врачлар, балки инвестиция бўйича менеджерлар ҳам бор. Демак, яқин орада ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўлами янада равнақ топишига шубҳа йўқ.

Улашиш