Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси барча соҳаларда туб ўзгаришларни амалга ошириш орқали халқимизга замон талабига жавоб берадиган турмуш шароити яратишни таъминлашга қаратилди.

Хусусан, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда ҳам солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечилиши, барча бизнес тоифалари учун солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган “Солиқ қонунчилигини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзуида ўтказилган Матбуот анжуманида Президентимиз томонларидан белгиланган солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш борасидаги талаблар 2018 йилнинг солиқ-бюджет сиёсатида ҳам ўз ифодасини топганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар, жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган енгиллик ва имтиёзлар ўз самарасини бераётганлиги билдирилди. Эътиборлиси, 2018 йилда корхона ва ташкилотлар зиммасидаги солиқ юкининг камайиши натижасида биргина Наманган вилоятида қарийиб 100,0  миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги маблағ корхоналар ихтиёрида қолиши кутилаётганлиги билдирилди.

Албатта, бу тадбирлар ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини кўпайиши ва уларни товар маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳамда сотиш ҳажмларини ошиши натижасида солиқ солиш базасини кенгайтирилишига, шунингдек, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар олдидаги боқиманда қарздорликни қисқартирилишига, натижада эса солиқ ва тўловларнинг йиғувчанлик даражаси оширилишига имкон яратади.

Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда ҳам солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш механизмини ҳар жиҳатдан соддалаштиришга, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга йўналтирилганлиги билан катта аҳамият касб этади.

Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тешабаев ва бошқалар солиқ тизимидаги бу каби ўзгартириш ва имтиёзлар тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Биринчи навбатда, фойда ва ободонлаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бирлаштирилди. Илгари фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8 фоизни ташкил этган. Эндиликда ушбу солиқ ставкаси аввалги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди ҳамда чегириладиган харажатлар таркиби кенгайтирилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 147-моддасида келтирилган 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилгани эътироф этилди.

Солиқ кодексининг тегишли 3 моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳамда солиқнинг асосий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (2017 йилда 1,7 фоиз эди) миқдорида ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан (2017 йилда 3 миллион сўм) кам бўлмаслиги белгиланди.

Кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 210 миллион сўм ҳамда бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати ўрнатилди.

Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилгига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Бунда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар мол-мулкининг кадастр қийматини аниқлаш тартибини бир ой муддатда тасдиқлаш топширилди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ва тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

 

Ҳамдам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Улашиш