Халқ давлат идоралари учун эмас, аксинча, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак! Бу – Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг бош хулосаси. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан айни шу мақсадда турли вазирликлар мутасаддиларининг жойларда бўлишлари халқ ишончини қозонишда катта аҳамият касб этмоқда.

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаевнинг  «Репетитор» газетаси таҳририятига ташрифи юқорида қайд этилган саъй – ҳаракатлар нақадар ўринли эканлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Қизғин суҳбат чоғи вазир ўринбосари «Репетитор» газетаси ва унинг истиқболи хусусида илиқ фикрлар билдирди.

— Ёшлар учун зарур ва замонавий нашрларни тайёрлаб чоп этиш — давр талаби. Президентимизнинг ташаббуси ва топшириғи ҳам шу! «Репетитор» газетасининг мазмун савияси ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди. Энди газета замонавий дизайн талаблари асосида безатилиши учун биргаликда ишлашимиз лозим. Яқин келажакда таҳририятга аниқ таклифлар билан чиқамиз. Энг муҳими, шахсан ўзим мамлакатимиздаги мактабларга қўлимда «Репетитор» газетаси билан кириб боришни истайман!

Ёш ва ғайратли вазир ўринбосарининг ишончи ва далдаси боис бугун «Репетитор» газетаси ижодий жамоаси янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш иштиёқида астойдил меҳнат қилмоқда.

Санжарбек Ҳамидов.

Улашиш