2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 декабрдаги мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисида ҳам бу борада мутассадиларга аниқ топшириқлар берилган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида нодавлат мактабгача таълим муассасалари очиш ниятида бўлган кўплаб тадбиркорлар бугунги кунда ҳудудий хокимликларга мурожаат этишмоқда. Ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, вилоят хокимликлари томонидан туман ва шаҳарларда бўшаб қолган жойлар ва биноларни руйхатдан ўтказиш ишлари ҳам қизғин паллага кирган.
Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, берилган топшириқлар ижросини таъминлашда жойларда кўзбўямачилик, топшириқларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида тўлақонли фаолият кўрсатаётган давлат мактабгача таълим муассасаларини хусусийлаштириш, тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари учраб турибди. 
Жойлардаги мутассадилар бир нарсани яхши тушуниб олишлари лозимки, фаолият кўрсатаётган, зарур шарт-шароитларга эга, тарбияланувчилари сони белгиланган, талабга жавоб берадиган боғчаларни хусусий сектор вакилларига ноль қийматда бериб юбориш оқибатида, мактабгача таълим муассасаларида таълим ва тарбия олаётган болаларнинг таълим олишида узилишлар, тарбияланувчиларни қамраб олиш, молиявий муаммолар келиб чиқмоқда.
Яна бир бор эслатиш лозимки, моддий-техник базаси талабга жавоб бермайдиган, фаолият кўрсатмаётган мактабгача таълим муассасалари фақатгина Мактабгача таълим вазирлиги билан расмий келишилгандан сўнг хусусийлаштирилиши ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга берилиши мумкин.
Шундай экан, мазкур йўналишдаги ишлар Мактабгача таълим вазирлиги назорати остида бўлиб, фуқаролар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари бузилмаслиги учун барча кучлар сафарбар этилганлигини маълум қиламиз.
Мазкур ҳолатлар ҳақида хабардор фуқароларимизни Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси (давлат, нодавлат ва муқобил шакллари) (0371) 2553449, 2553458 телефон рақамларига ёки mtvmdo@gmail.com электрон манзилига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз. 
Вазирлик Матбуот хизмати
Улашиш