Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабовнинг эътирозларига жавоб
Маълумки, шу йилнинг 15 январь куни ЎзА веб-сайтида “Расман тасдиқланган адолатсиз қоида ёки фан олимпиадалари қандай тартибда ўтказилмоқда?” номли мақоламиз эълон қилинган эди. Орадан 9 кун ўтгач, яъни 24 январда мақолага Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражабовнинг “Ҳар қандай фикр далилга асослансагина қимматлидир” номли жавоби ёритилди.
Аввало, мақола ва жавобни бир пайтда ўқиш имконини яратишгани учун ЎзАда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизга раҳмат! Шундай холислик бор экан, жамиятимизнинг бошқа соҳалари қатори халқ таълими тизимида ҳам чинакам ижобий ўзгаришлар бўлиши аниқ. Ҳозирданоқ ижобий ўзгаришлар сезилаётганини таъкидлаш жоиз. Чортоқлик бир гуруҳ муаллим ва ўқувчиларнинг 24 январь куни Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев билан учрашувдан сўнг илиқ таассуротлар билдиришгани фикримизнинг исботидир.
Хўш, аслида халқ таълимидаги кўплаб муаммолардан норози кайфиятдаги муаллимлар нима учун вазир ўринбосари билан учрашувдан сўнг уйларига илиқ таассуротлар оғушида қайтишди?
Айни шу саволни Ваҳобжон Ражабов ҳам ўзига бериб кўриши керак, назаримизда. Афсуски, бошқарма бошлиғи ҳам, тегишли раҳбар ходимлар ҳам ўтган муддат ичида мақоламиздаги мулоҳазаларни, саволларни инкор этиш имконини қидиришди.
Ҳолбуки, мақолада қўйилган саволлар уларга тегишли эмасди. Аниқроқ айтганда, 2009 йил 2 июндаги 1962-сонли қарор ва унинг 15-банди билан боғлиқ саволларга, фан олимпиадаларида шаффофликни таъминлаш масаласига жавоб қайтариш ҳуқуқий жиҳатдан Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ваколатига кирмайди. Тушунарлики, бу масалани ҳатто Халқ таълими вазирлиги ҳам бирданига ҳал этолмайди. Мақоланинг асосий мақсади – фан олимпиадаларининг вилоят босқичига қадар 1962-сонли қарорнинг 15-банди талабларини шаффофлаштириш, холос. Чунки айни шу банд сабаб апелляция комиссиялари адолатни тўлиқ тиклолмайди. Бошқача айтганда, шикоят қилувчига фақат ўзининг хато-камчиликлари кўрсатилади. Ғолибларнинг ёзма ишлари эса, қандай хато-камчилиги бўлишидан қатъий назар, 15-банд талаблари асосида ҳимояланади.
Энди Ваҳобжон Ражабов жавобидаги эътирозларга муносабатимизни билдирсак. Савол туғилади: вилоят халқ таълими бошқармаси биз исм-фамилиясини ошкор этмаган тўрақўрғонлик муаллимани қандай излаб топди? Таҳририят вилоят халқ таълими бошқармаси ўша муаллима тақдири билан қизиқишини, унинг исм-шарифини сўрашини кутди. Аммо таҳририятга бундай сўров келиб тушмади.
Қарангки, биз исм-шарифини яширган муаллимани мутасаддилар осонгина топиб олишган. Йўқ, уни ҳатто қидиришмаган ҳам. Негаки, ўша муаллиманинг эътирозлари фан олимпиадасининг туман босқичи бўлиб ўтган куниёқ барча мутасаддиларга маълум эди. Унга турли йўллар билан таъсир ўтказишга уринишди. “Туманимиз таълими шаънини ўйлайсанми?” дейишди унга мутасаддилар ва ҳамкасблари. Шу зайлда адолатсизликдан норози кичкина журъатнинг ҳафсаласини пир қилишди. Агар мазкур мулоҳазаларга ҳам далил сўраса, бу энди Ваҳобжон Ражабовнинг виждонига ҳавола. Агар вилоят халқ таълими бошқармаси суриштирувларини таҳририят билан ҳамкорликда олиб борганда, бугун биз холисликни шарафлаётган бўлардик, юқоридаги “миш-миш” ҳам ёзилмасди. Бир муаллиманинг изтиробларини вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг “миш-миш” деб атагани, очиғи, бизни ташвишга солди. Аксинча, биз бошқарма бошлиғи ўша муаллима билан самимий ва очиқ мулоқот ўтказади, ҳакамлар ҳайъати, ғолиблар ва ғолибликка даъвогар ўқувчилар иштирокида масалага ойдинлик киритади, холислик нуқтаи назаридан таҳририят вакилини ҳам мулоқот жараёнига таклиф қилади, деб ўйлагандик.
Йўқ, ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Демак, ниманидир яшириш, “ёпди-ёпди” қилиш зарурати туғилган.
Вилоят халқ таълими бошқармасининг бошқа эътирозлари ҳам асоссиз. Барча изланувчан ўқитувчилар каби ўша муаллима ҳам 1962-сонли қарор талабларидан жуда яхши хабардор. Унинг апелляция комиссиясига мурожаати наф бермагач, бизга дардини ёрган. Шу холос. Бундай вазиятда журналистик суриштирув ўзини оқламасди. Яна бир бор таъкидлаймиз: биз вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда суриштирув олиб боришни режалаштиргандик. Шу мақсадда муаллиманинг исм-шарифини ошкор этмагандик. Таҳририят ҳали ҳам вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликка тайёр. Ишончимиз комилки, ғолиблар ва ғолибликка даъвогарларнинг қайси бири билимдон эканини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг жавобида 1962-сонли қарор ва ОАВ нинг жамият ҳаётидаги ўрни хусусида тушунча берилиши эса, ҳақиқатан ҳам, кишида истеҳзо уйғотади. Ваҳобжон Ражабов “Йиқилган курашга тўймас”, дея адолатсизликдан зада муаллимани айблашдан аввал “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” мақолини эслагани маъқул эди.
Сўзимиз сўнгида мутасаддилардан бошқа мақолаларимизга бирёқлама ёндашмасликларини сўраймиз. Зеро, бизнинг мақсадимиз тирноқ остидан кир қидириш, бир-икки хатони атайлаб бўрттириб кўрсатиш эмас. Эътиборни қаратиш учун мақолаларимизда айрим далилларни келтирганмиз. Тўғриси, барча фанларга тааллуқли дарсликлардаги хато ва камчиликлар, ўқитувчиларнинг аксарият қисми савияси, ўқувчилар билимидаги бўшлиқлар жуда-жуда ташвиш уйғотадиган даражада. Ўйлаймизки, ҳақиқий ҳолатни билган мутасадди бу мулоҳаза учун биздан далил сўрамайди.
Чинакам зиёли савиясизликдан, билимлардаги бўшлиқдан, дарсликлардаги хатолардан қувонмайди. Аксинча, уларни тузатишга, бартараф этишга уринади. Биз шу мақсадни кўзлаган ва бундан кейин ҳам шу йўлдан бориш ниятидамиз. Фақат бизни тинглашса, бас!
Муҳаммад Вали,
“Репетитор” газетаси лойиҳа муаллифи.
Манба:ЎзА
Улашиш