Наманганда “Ниҳол” мукофоти танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

23
9.jpg
Президентимизнинг “Ниҳол” мукофоти истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, миллий маънавиятимиз, санъатимизни ривожлантириш йўлида ижодий рағбат сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
5.jpg
– Ушбу нуфузли мукофот ўтган даврда вилоятимизнинг 10 дан зиёд истеъдодли ёшларига қанот бағишлаб, уларнинг санъат оламида ўз ўрнини топишига хизмат қилди, – дейди Наманган вилояти маданият бошқармаси бошлиғи А.Маматов. – Жумладан, мазкур танлов орқали катта саҳнага йўл олган Аброр Парпиев, Самандар Ҳамроқулов, Шавкат Эргашев, Малика Эгамбердиева, Шаҳзода Ҳасанова, Гуласал Абдуллаева, Бекзод Баҳромов, Мафтуна Аҳророва каби наманганлик истеъдод соҳиблари бугун миллий санъатимиз равнақи йўлида ижод қилмоқда. 2018-2019йилги танлов ҳам яна кўплаб иқтидор эгаларини рўёбга чиқаришига шубҳа йўқ. Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида баҳслашган 350 дан зиёд ёшлар орасидан 58 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Иштирокчиларни баҳолашда уларнинг профессионал тайёргарлиги, бадиий ижрочилик маҳорати, репертуар савияси (мусиқа, матн, ижро), ижтимоий фаоллиги, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс, опера, эстрада каби 5 йўналишда 11 нафар иштирокчи тақдим этган ижодий ишлар алоҳида эътироф этилиб, танловнинг мамлакат босқичига тавсия қилинди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Акромжон Сатторов, Ҳотамжон Мамадалиев олган сурат ЎзА
Улашиш