Ёнғинларнинг даҳшатли оқибатлари

20

Кексаларимиз дуога қўл очганда албатта, «Ўт балосидан асрасин”, дея холис ният қилишади. Бу бежиз эмас. Чунки, ёнғин «Тилсиз ёв!”. Унга эркинлик берилса, ўз вақтида жиловланмаса у инсонларнинг тани жонига, молу мулкига кўплаб талофатлар етказади. Баъзида эса бевақт ўлимга ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Хўш, биз нима учун ёнғинларнинг даҳшатли оқибатлари ҳақида сўз юритяпмиз? Негаки, ёнғинларнинг талофатларини бартараф этгандан кўра, уларнинг олдини олган маъқул.

Бугун мамлакатимизни қолаверса, шаҳримиз ҳудудини катта бир қурилиш майдонига қиёслашимиз мумкин. Бу ерда кўплаб янгидан янги бино ва иншоотлар, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб фойдаланишга топширилаётир. Қурилишда замонавий полимер материалларидан кенг фойдаланилмоқда.

Ёнғин содир бўлганда полимер материалларининг хавфлилиги хонадаги ҳароратга, ҳаводаги кислород концентрациясига, шунингдек модда ва материалларнинг ёнғин хавфлилиги хусусиятларига боғлиқ. Ҳаводаги кислород концентрацияси юқори бўлганда полимер материалларидан катта миқдорда тутун ва иссиқлик ажралиб чиқади. Заҳарловчи, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатувчи моддалар қоп-қора тутунга айланади. Худди шу ҳолатда бино ичидаги одамлар орасида ваҳима юзага келиб, уларни эвакуация қилиш қийинлашади. Ёнғин вақтида ана шундай заҳарли моддаларнинг концентрацияси одатдагидан ўн баробарга ортади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар биримиз янги уй-жой ёхуд савдо ва маиший дўконларни қуриш, хонадонларни таъмирлаш мақсадида харид қилаётган қурилиш материалларининг сифати ва хавфсизлигига асосий эътиборни қаратсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Алишер МАМАДАЛИЕВ, Наманган шаҳар ЁҲБ инспектори.

Улашиш