Наманганда “Render” инновацион графика мактаби очилди

69

Наманган  шаҳрида  фаолият  бошлаган  водийда ягона шу  номдаги  инновацион 

графика мактабининг  тақдимот  маросими  ўтказилди

Шаҳримиздаги муҳташам “Ёшлар маркази”нинг катта залида соҳага қизиққан, мазкур йўналишда таҳсил олаётган ёшлар, мутахассислар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлди. Келганларнинг аксарияти маълум малакага, бошланғич маълумотга эга талабалардир.

Аввало, “Рендер” атамаси хусусида. Бу сўз компьютер видео дастурларининг бирлаштирилган, қўшилган умумий тушунчасини англатади. Қолаверса, ахборот технологиялари, архитектура-қурилиш ҳамда дизайнга оид график жараёнларнинг замонавий талқини.

Дастлаб тақдимот маросимида “Render Team” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, фаол ёш тадбиркор Бекмирзо Олтинбоев йиғилганларга ушбу инновацион графика мактабининг аҳамияти, мақсади, келгусидаги режалари, натижалари тўғрисида батафсил маълумот берди. Ўқитилиши йўлга қўйилган компьютер дастурлари ҳамда архитектура ва дизайн лойиҳалари, уларни ўрганиш ва ўзлаштириш муддатлари ҳақида слайдлар воситасида атрофлича тўхталди. Иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига мисоллар орқали жавоб қайтарди.

Таъкидлаш лозим, бугунги кун архитектор, муҳандис ва дизайнерлари билиши керак бўлган дастурлардан олган кўникмаларингизни фаолият юритаётган иш жойингизда мустақил қўллайсиз. Бу билан мартабангизни оширишингиз ва кичик бизнесингизга эга бўлишингиз мумкин.

Шу куни монитор орқали бепул курслар ҳам ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, тақдимот давомида қизиқарли викториналар, акциялар, савол-жавоблар уюштирилди, оммабоп китоблар совға қилинди. Таклифнома-ваучер қоғозида кўрсатилган кодлар асосида 15 нафардан зиёд тингловчи имтиёзли таҳсил олиш бўйича имкониятни қўлга киритиб, уларга чегирма ва бепул бонуслар тақдим этилди. Наманган муҳандислик-қурилиш институти 1-босқич талабаси Азамат Тўйчиев ана шундай 100 фоизли чегирмани банд қилди. 50 нафар йигит-қизлар эса бу мактабда ўқиш истагини билдирди.

Уларнинг орасида энг ёш ва компьютерда берилган архитектура ва дизайнга оид график топшириқни аниқ бажарган Тўрақўрғон туманидаги 36-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Суҳроб Мелибоев ҳаммани лол қолдирди. Суриштирсак, тадбир дарагини эшитиб, ҳатто Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан Давлат Гулимбетов, қўшни Андижондан Наргиза Эргашева, Қўқондан Бобур Камолов сингари ёшлар тақдимотга келишган экан.

Маълумот ўрнида, машғулотлар қулай ва замонавий жиҳозланган хоналарда индивидуал ҳамда гуруҳ тарзида олиб борилади. Барча курсларни муваффақиятли тамомлаганларга сертификат берилади ҳамда иқтидорли, изланувчан тингловчилар МЧЖ қошидаги “Render House” лойиҳалаш гуруҳида ишлаб қолишлари мумкин.

Вилоятимиздаги 3 та олий ўқув юрти — Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган давлат университетида шу йўналишларда педагог кадрлар ва мутахассислар тайёрланади. Янги жамоада талабалик билан бирга тренерликни ҳам уддалаётган ёш йигит-қизлар бор. Иш юритувчи ва лойиҳалаш гуруҳи етакчиси Музаффар Абдураҳмонов, менежер ва админстратор Муҳтарам Йўлдошева, тренерлар Муслимбек Муродов, Комрон Олимов, Фарҳод Шодмоновлардан иборат ажойиб таркиб шаклланган.

МЧЖ раҳбари, умидли тадбиркор Бекмирзо Олтинбоевнинг ўзи шу йўналиш бўйича кўплаб танловлар ғолиби, олий маълумотли ва тажрибали архитектор, дизайнер, инноватор ва бизнес тренер ҳисобланади, у чет элда ҳам малака оширган.

— Кишиларни, айниқса, янги авлодни ахборот-коммуникация воситалари билан ишлаш кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида халқимизнинг барча қатлами учун хизмат қилиш ва жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, — дейди Б.Олтинбоев. – Бутун дунё бўйича оладиган бўлсак, бугунги кунда барча соҳаларга компьютер графикаси кириб келди. Ҳозирга вақтда Наманганда кўп кузатдим, ёшларда бу соҳага қизиқиш, эгаллашга талаб ва эҳтиёж жуда кучли. Лекин етарли кадрлар ва шундай ўқув марказлари йўқ. Шу омил инновацион графика мактабини очишга туртки бўлди ва дадил ундади.

Дарвоқе, турли компьютер графикаларини, видео дастурларини кўпчилик кимгадир шогирд тушиб, йиллар давомида иш жараёнида томоша қилиб, анча вақт сарфлаб, хизмат қилибгина ўрганади. Энди эса тамоман бошқача, қисқа вақт ичида ҳаммасининг ёки бирининг ҳақиқий устасига айланасиз.

Қайд этиш жоизки, “Render” инновацион графика мактаби ва “Render House” лойиҳалаш гуруҳида ўрганган чизмалар ва амалий билимларингиз миллий типдаги замонавий бино-иншоотлар, турар-жойлар, намунавий уйлар, маданият ва истироҳат боғлари, менталитетимизга мос кўринишдаги бозорчаларни барпо этишда, либослар дизайни ва ландшафт лойиҳалари ҳамда турли маҳсулотлар яратишда, моделлаштиришда, автомобилсозлик ва мебелсозлик саноатида, компьютер технологиялари билан ишлашда, видеокадрлар олиш ва анимацион лавҳалар, кино ва мултфильм тайёрлашда, монтаж жараёнларида, реклама ва логотиплар ясаш хизматида қўл келади.

Ҳа, ташкилотчилар ёш бўлсалар-да, юрт ва жамият учун фойдали бўлган фаолиятга қўл уриб, катта тадбиркорликка эришишни ният қилганлар ва буни исботламоқдалар.

Орифжон  ЖЎРАЕВ,

журналист.

Улашиш