Максим КУЛДАШЕВ: «Қаерда бўлмайин, Ўзбекистон меҳрини ҳис қиламан»

132

Мустақиллик фарзанди. Бу сўзларни тилга олишимиз биланоқ, ҳар жиҳатдан соғлом, билимли, кучли, навқирон авлод кўз олдимизда гавдаланади. Чиндан ҳам, истиқлол фарзандлари қандай куч-қудратга эга эканлигини бизга биргина нуфузли спорт мусобақаларининг ўзи ҳам исботлаб берди.

Максим Кулдашев ҳам мустақиллик фарзанди. У 1991 йилда Андижон вилоятида туғилган. Тақдир тақозоси билан ҳозирда Санкт-Петербургда истиқомат қилса-да, барча спорт мусобақаларида у Ўзбекистон номидан иштирок этади ва ғолиб бўлса, Ўзбекистон байроғини фахр билан юқорига кўтаради.

Максим спортга олти ёшида кириб келди.

— Биринчи устозим — наманганлик Абдулло Тошбаев, — дейди у. — Бу маҳоратли спорт мураббийи менга кик-боксинг, самбо-комбат ва жанговор самбо турларидан илк сабоқни берган, қалбимда спортга сўнмас меҳрни уйғотган.

Албатта, спорт тинимсиз ҳаракатни хуш кўради. Максим ҳам йиллар давомида машғулотларда тобланди ва бир қатор халқаро мусобақалар, қитъа турнирларида ғолиб бўлди.

— Баъзилар ўзини ҳимоя қилиш учун спорт билан шуғулланишади, — дейди сўзини давом эттириб Максим. — Мен бу фикрга қўшилмайман. Сенда кучли ирода, қизиқиш борми, демак, сен кучлисан. Устозларимиз, айниқса, Абдулло ака Тошбаев биз шогирдларига спорт сирлари билан бирга одамийликни, чинакам меҳнатсеварликни, хулқу одобни ҳам ўргатар эдилар. Устоз билан шогирд ўртасидаги риштани чин дўстликка айлантира олганлар. Биз ота-онамизга айтолмаган сирларимизни устозимизга айтардик. Айрим ҳолларда унинг далдаси, тўғри ва ҳаётий маслаҳатлари бизга сув ва ҳаводек зарур бўларди.

Юртидан олисда бўлса-да, Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланадиган қаҳрамонимиз, юқорида айтганимиздек, ҳар доим Ўзбекистон байроғи остида рингга кўтарилади. Ғолиблик нашидасини сурганида, мадҳиямиз жаранги унинг кўзларини севинч ёшларига тўлдиради.

«Ҳар лаҳзада соғинч ҳисси билан яшайман, шундай пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали ватандошларим билан мулоқотда бўламан. Маҳалламиз, ўртоқларим билан ўйнаган кўчаларимиз, тандирда ёпилган иссиқ нон ва беҳи солинган паловлар тушларимга кириб чиқади. Ватан фироқи шу бўлса керак… Олдинда мени яна бир катта синов кутаяпти. Шу йил 27 октябрь куни Россияда бўлиб ўтадиган «WEF 66 SELECTION 19» муҳим мусобақасида рингга чиқаман. Ватандошларим дуоси ва қўллаб-қувватлаши менга куч беради, ғалабага ундайди. Худо ҳохласа, умрим сўнггига қадар юртим шарафини ҳимоя қиламан. Чунки қаерда бўлмайин, Ўзбекистон меҳрини ҳис қиламан!»

Суҳбатимиз ниҳоясида бу сўзларни тўлқинланиб айтган Максим Кулдашевга барча ватандошларимиз номидан фақат ва фақат омад тилаб қоламиз. Қаерда бўлмагин Ўзбекистонликлар меҳри сен билан, Максим!

Санжарбек ҲАМИДОВ.

Улашиш