Наманганлик шифокорнинг ютуқлари

150

Бугунги ёшларга ҳавас қилса арзийди. Мамлакатимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши ва комил инсон бўлиб вояга етиши учун барча имкониятлар муҳайё этилган. Бинобарин, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ўғил-қизларимизнинг  соғлом ўсиб-улғайиб, жисмонан чиниқиб, фан ва техника сирларини мукаммал эгаллашлари, ўз қобилият ва истеъдодларини юзага чиқаришлари учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар кўлами беқиёсдир. Шу боси ҳам улар эндиликда тадбиркорликда, спортда, санъатда, тиббиётда, қўйинки, барча соҳаларда жаҳондаги тенгдошларидан асло кам эмасликларини намоён этишмоқда.

      Сайдулло Шарифбоев ана шундай бахти баркамол, орзу умидлари рўёбини кўраётган, астойдил изланишлари самараси ўлароқ шарқу ғарбда ном қозонаётган ғоят иқтидорли, ёш мутахассислардан биридир. У ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали нейрожарроҳлик бўлимида  врач-ординатор вазифасида ишлайди. 2002 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

     С. Шарифбоев билан қачон учрашмайлик  қайсидир давлатга сафарини якунлаган, бир олам таассуротларини тўлиб-тошиб сўзлаб беришга шошаётган бўлади. Жаҳонгашта шифокор ўтган йили Япониянинг  энг машҳур клиникаларидан бирида маҳоратини оширганлигидан хабардормиз. Бу галги дийдорлашишимизда ҳам анъана давом эттирилди. Америка нейрохирурглар ассоциацияси  ҳамда Европа нейрохирурглар жамияти аъзоси эндигина қўҳна қитъадан қайтиб келганди. Яъни, жорий йил  август-сентябрь ойларида Буюк Британиянинг  Шеффельд шаҳридаги “Халламшир Қироллик шифохонасида”  нейрожарроҳлик йўналиши бўйича малака оширди.

     — Шеффельд — Англиянинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, бошқа ҳудудларга қараганда табиати жиҳатидан энг кўкаламзорлаштирилган шаҳар сифатида эсда қолди, — дея сўзини бошлади суҳбатдошимиз. — Шаҳарда иккита  йирик шифохона бор. Биринчиси — «Хелламшер Қироллик шифохонаси (Royal Hellamshare Hospital)» ва икинчиси эса — “Northern General Hospital”. Бу муассасаларда тиббиётнинг барча соҳалари бўйича малакали тиббий ёрдам кўрсатиб келинади. Буюк Британияда аҳолига тиббий ёрдам бепул тарзда амалга оширилади. Фақатгина хусусий тиббиёт клиникаларида пуллик тиббий хизмат кўрсатилади.

    «Хелламшер Қироллик шифохонаси (Royal Hellamshare Hospital)»да профессор Марсел Иванов назоратида умуртқа, орқа мия салликларида((микродискэктомия) – Lumbar Microdiscectomy, Умуртқа канали стенозларида микрохирургик малоинвазив декомпрессия (микродекомпрессия) – Lumbar Microdecompression and Foraminotomy, умуртқалар ностабил спондилолистезларида умуртқа танасини орқадан стабилизацияси (PLIF), умуртқа танасини олдиндан стабилизацияси (TLIF), (MO-TLIF) ва бош мия касалликларида (бош мия қон томирлари аневризмаси, бош мия ўсмалари, бош мия шикастларида) замонавий оператив даво усуллари билан танишдим. Шу билан бирга паркинсонизм ва эпилепсия касалликларида амалга ошириладиган тезкор даво усулларини ўргандим.

     Паркинсонизмда мия чуқур ядроларини электр стимуляция операциялари (Deep Brain Stimulation) ўтказилса,  эпилепсия касаллигида адашган нервга (Х жуфт бош мия нерви) электр стимулятор ўрнатиш (Nervus Vagus Stimulation) амалга оширилар экан.  Бу билан нервни электр стимуляцияси орқали тутқаноқлар қайтарилиши камайишига эришилади. Ушбу операцияларни таниқли доктор Кишор Баттичария амалга оширди. Доктор К. Баттичария Англиядаги эпилепсия жарроҳлигида роботлар билан операция ўтказиш бўйича етук мутахассислардан биридир. Машҳур шифокор раҳбарлигида  эпилепсияни хирургик даволашда ишлатиладиган “ROSA” робот ускунасидан фойдаланиш жараёнларни кўздан кечирдик.

   Сайдулло Шарифбоев ўзи хизмат қилаётган тиббиёт маскани маънавий-маърифий ишлар ташкилотчисидир. Ўтган йили вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги маънавият тарғиботчилари анжуманида Япония маданияти ҳақида гапириб берганди. Қаерга борса ўша давлатнинг тарихий обидалари, маданият даргоҳларига киришни ҳам канда қилмайдиган одати бор.

— Бўш вақтларимизни доимо беҳуда ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. Туристик саёҳатларга чиқамиз,- дейди у. — Англия маданияти ва тарихи билан яқиндан танишдим. Шу мақсадда мамлакатнинг  Манчестер, Йорк, Лондон шаҳарларига саёҳат қилдим. Машҳур Британия музейи, Букингем Қиролича саройи,  Биг-Бен соати, Лондон кўзи (London eye) чархипалаги, Лондон аквариумларида бўлдим. Таассуротлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Буларнинг барчаси Президентимизнинг ёшларга кўрсатаётган чексиз эътиборлари туфайлидир. Мана шундай ривожланган давлатларда малака оширишимизга шароитлар яратиб бериляпти. Биз бундан чексиз миннатдормиз ва халқимизга жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатишга қодир мутахассис бўлиш учун янада астойдил интилаверамиз.

                                                                                                       Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш