Чортоқ туманида янги оилавий поликлиника биноси фойдаланишга топширилди

74

Чортоқ туманининг Янгиқўрғон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Кўшан кун сайин обод бўлиб бормоқда. Яқинда бу ерда фойдаланишга топширилган оилавий поликлиника биноси қишлоқ  чиройига бағоят чирой қўшибгина қолмасдан, бирламчи тизим салоҳиятини янги поғонага кўтариш имконини яратди.

  • 1981 йилда тиббиёт олийгоҳини тамомлаб, тўғри шу қишлоқдаги врачлик пунктига ишга келганман,- дейди 52 — оилавий поликлиника мудири Абдурасул Ҳолмирзаев. – Илгариги шароитларни  бугунгиси билан асло таққослаб бўлмайди. Реконструкциядан сўнг поликлиникамиз биноси таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Лойиҳа талаблари асосида олиб борилган таъмирлаш ва пардозлаш ишлари ниҳоясида кошоналарга қиёслагудик қиёфага кирди. Энди бу ерда соғлиқни сақлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришимиз, шу билан бирга фуқаролар тиббий маданиятини юксалтириш учун астойдил интилишимиз зарурлигини қалбан ҳис этмоқдамиз.

Дарҳақиқат Инвестиция дастурига мувофиқ мазкур оилавий поликлиника биносининг қайта реконструкция қилиш учун давлат бюджетидан  1 миллиард 202 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. “Уйчи таълим-таъмир” масъулияти чекланган жамияти бинокорларининг сидқидил меҳнатлари эвазига икки қаватли тиббиёт маскани замонавий андозалар асосида таъмирдан чиқарилди. Унда 59 та хона мавжуд бўлиб, қишлоқ саломатлик посбонларининг эл дардига дармон бўлишга қаратилган фаолиятлари самарали кечиши учун барча қулайликлар муҳайёдир.

Янги тиббиёт масканининг тақдимоти мамлакатимизда қизғин давом этаётган   “Соғлом аёл ойлиги” тадбирларига уланиб кетди. Шу боис оила поликлиникаси очилган кундан бери қишлоқ хотин-қизлари билан гавжум. Айни пайтда  биринчи навбатда туғиш ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Умумий амалиёт шифокорлари, жароҳ, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог кўрувлари, ультратовуш текшируви, лаборатория таҳлиллари орқали аҳолининг мазкур қатлами саломатлиги ҳолати ўрганиб чиқиляпти.

УАШ хонасидамиз. Шифокор  Ҳайитой Тўхтасинова қабулга келган Рислиқой Тожибоева билан мулоқотда соғлом овқатланиш ҳақида тушунча берар экан, дастлаб чақолоқ Шуҳратжоннинг соғлигини текшириб кўрди. Кейин навбат онага келди. Врач Рислиқойнинг қон босимини ўлчади. Саломатлиги жойида эканлигини айтиб, чиллалик даврининг алоҳида жиҳатлари юзасидан огоҳлантирди.

Олий тоифали стоматолог  Баҳриддин Нуриддиновнинг қабулига келганлар ҳам кўпчилик эди. Шифокор  Дилфуза Абдужабборованинг  ҳолатини кўриб чиқар экан, соғлом тишлар саломатлик гарови эканлигини қайта-қайта таъкидлади. Зарур тавсияларни берди.

Катта ҳамшира Машҳура Абдураҳимова хонасида ҳамширалар Дилрабо  Абдужабборова ва Азиза Жўрабоевалар билан “Соғлом аёл ойлиги” доирасидаги ишларнинг бориши муҳокама қилинмоқда. Ўрта тиббиёт ходимлари келгуси кунги режага мувофиқ яна  67 нафар туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикка жалб этиш масаласида келишиб олишди.

  • Ҳудудимизда салкам 15 минг нафар одам яшайди. Уларнинг тўрт минг нафарга яқини фарзанд кўриши мумкин бўлган инсонлар. 17 нафар патронаж ҳамшира хонадонма хонадон юриб, “Соғлом аёл ойлиги”нинг аҳамияти, соғлом турмуш тарзи қоидаларини тарғиб қилмоқда,- дейди М. Абдураҳимова. – Оилавий поликлиникамизда таъмирлашда сўнг яратилган қулайликлар шарофати билан хотин-қизлар тиббий кўригида сифат ва самарадорликка эришилмоқда. Касаллиги аниқланган ҳамқишлоқларимизни кундузги шифохонамизда соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.

“Соғлом аёл ойлиги” тадбирлари нафақат Кўшандаги “кошона”да бутун туман бўйлаб зўр уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Жараёнга пухта тайёргарлик кўрилгани, ойликка жалб этилганларнинг ўз вазифаларига юксак масъулият билан ёндошаётганликлари самараси ўлароқ ғоят муҳим вазифани барвақт якунлаш арафасида турилибди.

  • Бу хайрли ва шарафли иш Кўшандагина эмас , кўп тармоқли марказий поликлиникада, 51, 53-оилавий поликлиникаларда, “Қорамурт”, “Мучум”, “Боғистон”, “Айқирон”, ”Арбағиш” қишлоқ врачлик пунктларида ҳам жадал бормоқда, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонова. – Тиббий кўриклардан ташқари  маҳалла фаоллари билан хилма-хил тадбирлар ташкил этиб, опа-сингилларимизда соғлом ва фаровон ҳаёт кечириш кўникмалирини шакллантиришга урғу беряпмиз.  “Соғом она — соғлом бола” эзгу ғояси амалда чинакам ифодасини топишга эришиш бош мақсадимиздир.

                                                                                                Абдулла ҒОЗИЕВ.

  

 

 

Улашиш