МЕРОС ВА ВОРИСЛИК

20

Конституциянинг 36-моддасида мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши қатъий белгиланган. Хусусий мулк эгаси вафотидан кейин мулки кимга ўтиши масаласини, ворислик ҳуқуқи асосида, ҳаётлиги пайтида ҳал қилади.

Одатда, мерос деганда вафот этган шахснинг мол-мулки унинг қариндошларига ўтиши тушунилади. Аслида, мерос тўғрисидаги бундай тушунча юзаки бўлиб, мерос ва ворисликнинг ҳақиқий маъносини англатмайди. Мерос ҳуқуқи билан ворислик ҳуқуқини бир-биридан фарқлай билиш даркор. Мерос ҳуқуқи ворислик ҳуқуқига нисбатан анча кенг мазмунга эга.

Мерос ҳуқуқи шахс вафотидан кейин унинг бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларидан иборатдир. Аниқроқ айтганда, фуқарога хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жой, автомашина ва бошқа мол-мулклар эмас, балки шу мол-мулкка нисбатан бўлган ҳуқуқ мерос объекти сифатида мерос таркибига киради. Қонун фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқини мерос ҳуқуқи билан бевосита боғлайди, уни бош­қа мулк шакллари билан бир хилда ҳимоя қилади.

Ворислик ҳуқуқи мерос ҳуқуқининг мазмунини ўз ичига тўла қамраб олмайди, балки унинг бир қисмини, яъни фақат мерос мулкнинг ворисларга ўтиш шарти ва тартибини белгилайди. Мерос таркибига нафақат ашёлар, шунингдек, мерос қолдирувчининг бошқа жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ҳар қандай қонуний талаблари ҳам киради.

Исломжон Абдураззақов,

Наманган шаҳар 6-сонли давлат нотариал идораси котиби.

Улашиш