Халқ манфаатлари йўлида

32

Юртимизда маъмурий судларда нафақат маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар балки оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид ишларни яъни фуқаролар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб қелтирган шикоят аризалари кўриб чиқилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатлари қонун доирасида ҳал этилмоқда. Шу жумладан фуқаро М.Юлдашеванинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Косонсой туман бўлимининг 2018 йил 20 июль кунги Пенсия ва нафақалар тайинлаш комиссиясининг қароридан норози бўлиб келтирган шикоят аризаси кўриб чиқилди. Келтирилган шикоят аризасига кўра фуқаро М.Юлдашева “Косонсой пахта тозалаш “ АЖда 1990 йилдан 2005 йилгача турли лавозимларда ишлаган, ишлаган даври учун суғурта бадаллари ўз вақтида ўтказилмаганлиги сабабли 1990 йилдан 2005 йилгача ишлаган даврлари инобатга олинмаган ва ёшга доир пенсия тайинлаш рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил
29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 23-бандида “Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси ва Қонуннинг 42-моддасига биноан, меҳнат дафтарчаси иш
стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлиб ҳисобланади”-деб тушунтириш берилган.

Суд аризачи, жавобгар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, ишга илова қилинган ҳужжатларни атрофлича муҳокама қилиб, фуқаро М.Юлдашеванинг келтирган шикоят аризасини қаноатлантириб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Косонсой туман бўлимининг 2018 йил 20 июль кунги қарорини ҳақиқий эмас деб топиб, 1990          йилдан 2005 йилгача иш стажларини умумий иш стажига қўшиш мажбуриятини юклатди.

Маъмурий судлар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, келтирган шикоят аризаларини суд муҳокамасида кўриб чиқилиб, фуқароларни қийнаётган муаммоларнинг қонуний ечим топиши, юртимизда халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг салмоғига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Баҳодир Абдуллаев,

Косонсой туман маъмурий

судининг раиси.

Улашиш