Наманганда 5 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик суд орқали ундирилди

190

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан солиқ соҳасидаги янгиликлар, жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва ер солиғини ҳисоблаш, ундириш ва ушбу солиқ турлари бўйича бериладиган имтиёзлар мазмун-моҳиятига бағишланган “Солиқларни ўз вақтида тўлаш бурчимиз” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Тиллаволдиев мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳияти хусусида сўз юритди.

Бошқарма мутахассислари томонидан Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони асосида хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш орқали иқтисодиётимизни янада модернизация қилиш ва янгилаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

5.jpg

– Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 2017 йил учун ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида тўламаган 10 минг нафардан зиёд солиқ тўловчининг 5 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги суд орқали Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ундирилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими З.Зокиров. – Шунингдек, вилоятдаги 21 мингдан ортиқ юридик шахслар томонидан ҳудудий давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган 66 минг 118 та солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисоботи солиқ кодексининг 70-моддаси талаблари асосида камерал назоратдан ўтказилиб, аниқланган тафовутлар юзасидан ҳисобланган 94,7 миллиард сўмлик солиқ ҳамда мажбурий тўловларнинг 43,4 миллиард сўми бюджетга ундирилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан махсус тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда тўлаш имконияти яратилган. Ушбу тўлов тизимидан фойдаланиш фуқаролар учун бепул ва амалга оширилган тўловлар учун комиссион тўлов олинмайди. Шунингдек, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларида автоматик равишда қайд қилинади.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш