Ҳиндистонлик шифокорлар Наманганда бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

44

Ҳиндистонлик шифокорларнинг яна бир гуруҳи Наманган вилоятига келди. Янги Деҳлидаги жаҳонга машҳур BLK SUPER SPECLALITY хусусий шифохонаси вакиллари дастлабки куни Наманган шаҳридаги  GRAND MED шифохонасида беморларни қабул қилишди. Кеча эса вилоятимизнинг қатор тиббиёт масканлари фаолияти билан танишиб, маҳаллий шифокорлар иштирокидан семинарлар ўтказишди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ташриф барчада катта таассурот қолдирди. Анжуманлар залида филиал шифокорлари иштирокида учрашув ташкилланди. BLK SUPER SPECLALITY хусусий шифохонаси халқаро алоқалар бўлими раҳбари Викас Жиндал жаноблари юқори даражада ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Осиёда етакчилик қилаётган касалхонанинг салоҳияти, аниқса юрак ва жигар касалликларини самарали даволаш борасидаги ютуқлари ҳақида гапириб берди. Нотиқ тиббиёт марказида хорижлик мутахассислар малакасини ошириш йўналишида ҳам изчил фаолият олиб борилаётганлигини таъкидлаб, ҳохловчиларни ўқишга таклиф этди.

Таниқли кардиожарроҳ ва трасплантолог — доктор Ажай Каул юрак касалликларини кафолатли даволашнинг замонавий технологиялари ҳақида маъруза ўқиди. У Ҳиндистонда қўлланилаётган  юрак мураккаб технологик амалиётлари ва уларнинг ижобий натижалари тўғрисида фикр юритди. Педиатр, болалар гастроэнтерологи — доктор Кумар Анкурнинг слайдлар воситасидаги илмий маърузаси ҳам зўр қизиқиш билан тингланди. Жаноб  Анкур жигарни кўчириб ўтказиш борасида тўпланган тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тадбир ниҳоясида икки давлат шифокорлари ўртасида қизғин суҳбат бўлиб ўтди. Унда юрак ва жагарда учрайдиган турли хасталикларни барвақт аниқлаш ва янги тиббий технологиялар асосида соғломлаштириш юзасидан фикрлашиб олинди. Шундан кейин    ҳиндистонлик меҳмонлар  РШТЁИМ вилоят филиали операцион бўлимларида бўлиб, олиб борилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётлари билан танишдилар.

Ҳудди шундай илмий-амалий анжуман Наманган шаҳар болалар шифохонаси жамоаси ҳузурида ҳам ташкил этилди. Жаноб Викас Жиндал BLK SUPER SPECLALITY хусусий шифохонаси  ҳақида маълумот берди.  Докторлар Ажай Каул ва Кумар Анкурлар  юрак ҳамда жигар касалликларини даволашнинг замонавий усуллари тўғрисида илмий маърузалар билан чиқдилар.

Савол-жавоблар чоғида анжуман қатнашчиларига жаҳон тиббиётида эришилаётган ютуқлар юзасидан тушунчалар берилди.

— Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлигига баҳоли қудрат ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Келгусида бу борадаги фаолиятимиз янада жадаллашишига ишончим комил,- дейди жаноб Викас Жиндал.

Шу куни мазкур шифохонада ҳиндистонлик малакали шифокорлар ўнлаб бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни соғломлаштириш бўйича қимматли тавсиялар беришди.

 

 

 

 

 

 

Улашиш