Наманганда саломатлик тарғиботи кунлари ўтказилмоқда

49

   Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб ўтказилаётган «Саломатликни тарғиб қилиш кунлари” давом этмоқда.

    Маълумки, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга қаратилган бирламчи профилактик тадбирларга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Хусусан, бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, уларнинг изчил ижроси таъминланмоқда. Шу кунларда республикамиз бўйлаб юксак уюшқоқлик билан ўтказилаётган акция ҳам ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

   Бугун мазкур тиббий тадбирга вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида пухта тараддуд билан киришилди. Эрталаб Наманган шаҳри, туманлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, дам олиш масканларида “Саломатликни тарғиб қилиш кунлари”  доирасидаги  жараёнлар аҳолининг фаол иштирокида бошланди.

    Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истроҳат боғида тиббий тарғибот тадбирининг очилиш маросими ўтказилди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика ёрдамини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳром Мўминовлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини ошириш мақсадида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлигини, бугунгидек тиббий-тарғибот тадбирлари соғлиқни сақлаш самарадорлигини ва аҳоли тиббий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини  таъкидлаб, барчани унда фаоллик кўрсатишга ундадилар.

    Шундан кейин сўлим маскан тиббий жараёнлар қуршовида қолди. Минг-минглаб одамлар шифокорлар ҳузурига, саломатлиги ҳолатини билиб олишга ошиқди.   Саломатлик тарғиботи байрами хилма-хил дастурларни қамраб олганди. Унда аввало  мамлакатимизнинг таниқли шифокор олимлари ва вилоятимизнинг малакали мутахассислари энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуна ва қурилмалари воситасида юртдошларимизни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишяпти. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази урологи Абдулла Асадуллаев раҳбарлигидаги пойтахтлик шифокорлар қабули ғоят самарали кечмоқда.

   — Аёллар репродуктив саломатлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратяпмиз,-дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти акушер-гинекологи Инобат Раҳмонова.- Хотин-қизларда учрайдиган турли ҳасталиклар билан мурожаат қилаётганлар айниқса кўп. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатларимизни беряпмиз.

    Биргина вилоят марказида бораётган тиббий тадбирга вилоят ихтисослашган даволаш-профилактика муассасаларининг, шаҳардаги оилавий поликлиникаларнинг салкам 700 нафар тиббиёт ходими жалб этилган. 200 нафар врачлар ва 441 нафар ҳамширалар сидқидилдан иш олиб боришяти. 13 та  УТТ ва 21 та ЭКГ  воситасида, лаборатория текширувлари орқали одамлар саломатлиги жиддий таҳлил этилмоқда.

    Бугина эмас,  соғлом ва узоқ умр кўришда тиббий кўрикларнинг аҳамияти, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, айниқса жисмоний ҳаракат ва фаоллик, соғлом овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тиббий саводхонликни ошириш мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир шифохона ва поликлиника тиббий тарғибот устуворлигини таъминламоқда. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят ҳудудий бўлинмаси илмий ходимлари томонидан ўтказилаётган давра суҳбатларида касалликлар профилактикаси,  тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига кенг ўрин берилмоқда. Тадбир қатнашчиларига улашилаётган тарқатма материаллар ҳам одамларнинг саломатлик ҳақидаги тушунчасини бойитмоқда.

 Тарғибот тадбирлари вилоят сил касалликларига қарши кураш диспансери, вилоят эндокринология диспансери, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва бошқа даволаш-профилактика муассасалари вакиллари томонидан изчил ташкил этилмоқда. Шу билан бирга турли юқумли касалликларни аниқлаш мақсадида тиббий текширувлар олиб бориляпти.

— Замонавий кўчма  қурилма ўрнатилган иккита автомашинада фуқаролар рентгент текширувларидан ўтишлари учун имконият яратилди. Бир кишида сил касаллиги аломатлари аниқланди ва зудлик билан даволанишга жўнатилди,-дейди ВСҚКД олий тоифали врач-рентгологи Камолхон Ҳамзаев.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоиз яшаётган экологик муҳитга, 15 фоиз ирсий омилларга, бор-йўғи 10 фоиз тиббиётга боғлиқ экан. Демак, ҳар бир инсон соғлом ва узоқ умр кечиришга интилар экан, аввало, юксак тиббий билим ва маданиятга эга бўлиши зарур.

          “Саломатликни тарғибот қилиш кунлари”ни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам, аввало, аҳолининг тиббий билим ва тафаккурини юксалтириш,  оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳар бир инсоннинг ўзи ва яқинлари саломатлиги учун масъуллигини оширишдир. Айтиш жоизки, “касалликни даволашдан кўра унинг олдини олганафзал”, деган тамойил кейинги йилларда тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айлангани инсон манфаатларини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

        Тиббий-ижтимоий тадбир икки кунга мўлжалланган.

Улашиш