Неъматларнинг энг улуғи…

16

Инсон учун она бир, Ватан ягонадир. 27 йилдан бери ана шу ягона, азиз диёримиз узра эрк ва озодлик офтоби нур сочиб, халқимизни эзгу ишлар сари чорламоқда. Мустақиллик туфайли энг биринчи навбатда миллий ғуруримиз тикланди, сал бўлмаса унутиб юбораёзган урф-одатларимиз, қадриятларимиз қайта жонланди. Боғ-роғларида хурлик насими кезаётган муқаддас ошиёнда ҳар лаҳза тириклик, тинчлик, осойишталик байрами. Одамларнинг чеҳрасидаги табассумни кўриб дилинг равшан тортади.

— Наманганга келмаганимга бир неча йил бўлганди, — дейди тақдир тақазоси билан пойтахтда яшаётган укамиз Илхомжон Исмоилов. — Биз ўтирган машинада кетар эканман, кундалик юмуш ва йўл чарчоғидан пинакка кетибман. Бир пайт кўзимни очиб, чироқлар нурига бурканган, текис, равон йўлнинг икки томонидаги маҳобатли бинолар, дам олиш масканлари, файзли гўшалар, ўзи сари оҳанрабодек ўзига чорлаётган шаҳар жамолига мафтун бўлдим. Сабрим чидамай ҳайдовчидан: “Ака ҳозир қаерга етиб келдик?” деб сўрадим. “Наманган шаҳридамиз, дўстим”, деган жавобни эшитиб, очиғи, кўзларимга ишонмадим. Шаҳар буткул янгича қиёфа касб этибди.

Юртимиз бозорлари тўкин-сочин, файз тароватли. Кўчаларда қатнаётган автомашиналарнинг кети узилмайди. Қайси пайт бўлмасин, кўзлаган манзилингизга осонгина етиб олишингиз мумкин. Мен айтаётган эътирофлар денгиздан бир томчидир. Диёримизда амалга оширилган жуда кўп ижобий ишлар, буюк ўзгаришлар, янгиланишлар тарих саҳифасига зарҳал ҳарфлар билан битилишга арзийди.

Кези келганда, ҳар бир замондошимиз киндик қони тўкилган диёримиз билан фахрланиш баробарида Ватан деган буюк ошиённинг асл маъносини англаб етишлари лозим. Манбаларга кўра Ватан (арабча-она юрт) – кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакат, бир-бирини тақазо этувчи (уй, маҳалла, шаҳар, қишлоқ, мамлакат каби) бир қатор ҳудудларни ўзида ифодалайдиган, ижтимоий муҳит ва инсон, унинг ҳаёти каби кўплаб маънавий тушунчаларни ўз ичига оладиган, авлодлар туғилиб ўсган ва камол топган жойи, замин, ўлкани англатади.

Шукрки, дунё неъматлари ичра энг улуғ ва қадрли бўлган тинчлик, осудалик, фаровонлик даврида эмин-эркин яшаяпмиз. Бизга бу неъматларни берган Истиқлолимиз абадий бўлсин.

Улуғбек МАЖИДОВ,

Наманган шаҳар маъмурий суди судья ёрдамчиси.

Абдулаҳад ЮСУПОВ,

суд архивариуси

 

Улашиш