Маънавиятга таҳдид

6

Мутахассисларнинг фикрича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун «оммавий маданият» тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, «оммавий маданият», аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик синонимидир. «Оммавий маданият» шу боисдан, энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.

Таассуфли жиҳати шундаки, гоҳида ғоятда истеъдодли инсонлар ҳам «оммавий маданият» тарғиботчиларининг қутқусига учиб, унинг тегирмонига сув қуймоқда. Агар «оммавий маданият» дунёга «эҳсон» этаётган «поп-арт» («тасвирий санъат»), «поп-музика», «поп-адабиёт» натижаларига қараб фикр юритадиган бўлсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимайди. Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Жумладан, санъат — алоҳида истеъдодлар томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўъжиза эканлиги каби ижоднинг олий мезонлари «оммавий маданият» тарафдорларининг ғашини келтиради. Уларнинг фикрича, ҳамма санъаткор бўлиши мумкин. Ҳамма нарса санъат аталиши мумкин. «Поп-арт» — (оммавий санъат) шу хулоса манбаида вужудга келган.

«Оммавий маданият» таркибидаги кишиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча,  нарсалар ва буюмларни эъзозлашади. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси — маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Американинг таниқли адиби Р. Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси — автомобил, телевизор, компютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдир.
«Оммавий маданият» да «оммавий мусиқа»  алоҳида ўрин тутади. «Оммавий мусиқа»ни «янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга  эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. «Оммавий маданият»даги техник-ижро воситалари мусиқа имкониятларини ниҳоятда торайтирмоқда, полифонизм — мусиқий садолар бойлиги ва ранг-баранглигини йўққа чиқармоқда.

Хуллас, Ғарб жамияти маънавий ҳаётида инқироз тушкунлиги туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Зеро, глобаллашув жараёни, замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиши, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меъросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга беками-кўст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Ёқубжон Ғаниев,

Наманган шаҳар маъмурий суди судья ёрдамчиси.

Анваржон Йўлдошев,

суд архивариуси.

Улашиш