Наманган шаҳрида “Орзу” кичик саноат зонаси иш бошлади

117
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
“Орзу” кичик саноат зонасида енгил саноат, озиқ-овқат, тиббий техника, полиграфия, полиэтилен пакетлар ва плёнкалар, энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 142 миллиард сўмликдан зиёд 22 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойида вилоятга ташрифи чоғида мазкур кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиб, уларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан маслаҳатлар, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди.
Ўтган давр мобайнида мазкур кўрсатмалар ижроси доирасида тадбиркорлик субъектларига ер майдони ажратиш, йўл, электр, сув ва бошқа инфратузилма тармоқларини шакллантириш, кредит маблағлари беришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш учун зарур шароит яратиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида масъулияти чекланган жамият шаклидаги 10 та корхона белгиланган муддатда ишга туширилди.
– Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган кичик саноат зонасида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир янги корхонамизни очдик, – дейди “Истиқлол дизайн маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Умаров. – “Идеал” савдо белгиси билан ишлаб чиқарилаётган костюм-шимлар нафақат мамлакатимизда балки ташқи бозорда ҳам харидоргир. Бундай ҳудудларнинг ташкил этилиши тадбиркорлар учун жуда қулай имкониятдир, фақат ундан оқилона фойдалана билиш муҳим.
“Orzu Ideal tekstil” корхонасида бир ярим гектардан зиёд майдонда қиймати 24 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик 250 минг дона турли ассортиментдаги кийимлар ишлаб чиқариш қувватига эга, кутилаётган экспорт ҳажми 2 миллион доллар бўлган мазкур корхонада 500 иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичи ишга туширилса иш ўринлари сони яна 250 тага кўпаяди.
Худди шунингдек, мустақиллик байрамига муносиб туҳфа сифатида ишга туширилган “Орзу” кичик саноат зонасида “Porloq tekstil liboslari”, “Nurobod sifat tekstil”, “Ulug’-B”, “White gold towel textile”, “Kvars sanoat servis”, “Bosir tekstil servis”, “Sug’diyona fayz tekstil”, “Universal Food Trade”, “Меga eко plast” каби корхоналарда мингга яқин иш ўринлари яратилди.
Маросим иштирокчилари “Орзу” кичик саноат зонасида янги ишга туширилган корхоналарда ўрнатилган замонавий технологик ускуналарнинг илк маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари, ишловчилар учун яратилган меҳнат шароитлари билан танишишди.
“Орзу” кичик саноат зонасидаги барча лойиҳалар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилса йилига 82 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилади ва 4 минг нафарга яқин кишининг бандлиги таъминланади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Маросимда таъкидландики, бундан ташқари, Наманган шаҳрида “Юксалиш”, “Орзу”, “Пахталикўл”, “Хонобод” каби яна тўртта кичик саноат зонаси барпо этилади. Бу 12 мингдан ортиқ қўшимча янги иш ўрни яратиш имконини беради.
“Орзу” кичик саноат зонасининг очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.
А.Сатторов, Ҳ.Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш