Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида қурилиш ишлари давом этмоқда

84
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Президентимизнинг 2016 йил 30 декабрдаги “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш” инвестициявий лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида бунёд этилаётган мазкур станциянинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 195 миллион 870 минг долларга тенг.
Айни пайтда 127 гектарга яқин майдонни эгаллаган улкан энергетика иншоотида туну кун давом этаётган бунёдкорлик ишлари кўзга ташланиб, ҳудуд мўъжаз шаҳарча қиёфасини касб этган.
2016 йилнинг апрель ойида ўтказилган халқаро тендерда ғолиб чиққан Япониянинг “Mitsubihi Corporation”,”Mitsubishi Hitachi Power Systems” компаниялар консорцуми бош пудратчи сифатида имзоланган шартномага мувофиқ объектни буюртмачига “қулф-калити” билан топшириш мақсадида лойиҳада белгиланган ишларни қатъий жадвал асосида сифатли бажариб келмоқда. Ушбу компания билан 749,43 миллион долларлик шартнома имзоланган. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларига ёрдамчи пудратчи сифатида Туркиянинг “СaIik Enerji” компанияси жалб этилиб, компаниянинг муҳандис-техник мутахассислари маҳаллий ҳамкасблари билан ҳамжиҳатликда бунёдкорлик салоҳиятини намоён этмоқда.
Қурилиш ишлари давом этмоқда
– Биз ушбу лойиҳада иштирок этаётганимиздан жуда мамнунмиз, – дейди Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиш ишлари бўйича бошқарувчиси Дурсун Жиҳат Сака. – Бундан олдин Навоий вилоятида ҳам худди шундай иншоот қурилишида қатнашганмиз. Қурилиш ишлари қатъий белгиланган жадвал асосида ўз вақтида бажарилмоқда. Бу жуда катта аҳамиятга эга, чунки бундай улкан қурилиш ишларида бир кунга кечикиш ҳам жуда қимматга тушади. Шу боис барча ҳамкорларимизга ташаккур айтамиз.
2400 нафардан зиёд, жумладан 350 нафар чет эллик мутахассис меҳнат қилаётган иншоотда бугунгача 167 миллион 400 минг долларлик қурилиш-монтаж ва лойиҳа-муҳандислик-қидирув ишлари бажарилди. Жумладан, 1- ва 2-энергоблокларнинг пойдеворлари битирилиб, монтажга тайёр қилиб қўйилди. 1-энергоблок учун газ турбинаси, газ турбина генератори, трансформатор келтириб ўрнатилди. Аниқроқ тасаввур ҳосил қилиш учун ускуна ва қурилмаларни сотиб олиш ва келтириш ишлари 75 фоиз, қурилиш монтаж ишлари 25 фоиз, лойиҳа бўйича ишлар 95 фоизга бажарилиб, умумий бажарилган ишлар кўрсатикичи 68 фоизга етди. Иншоот тўлиқ ишга туширилса, йилига 6,7 миллиард кВт/с энергия ишлаб чиқарилади. Шартли ёқилғининг меъёрий сарфи 226,21 г.кВт.с ва таббий газ сарфи йилига 1,3 миллиард куб метр бўлган лойиҳанинг фойдали иш коэффициенти 57,4 фоизни ташкил этади.
Қурилиш ишлари давом этмоқда
– Қурилиш жараёнида биринчи навбатда сифатга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши дирекцияси раҳбари Н.Насибалиев. – Сифат назорати ишлари буюртмачи ҳамда Япониянинг “ТЭПСКО” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Иссиқлик электр станциясининг 1-энергоблоки 2019 йилнинг декабрь ойида иш бошлайди. 2-энергоблок ва станциянинг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йилнинг март ойига режалаштирилган.
Акромжон Сатторов, ЎзА
Улашиш