Наманган шаҳрида янги 14-оила поликлиникаси иш бошлади

167

  Мустақиллик  байрами арафасида Наманган шаҳрида қатор тиббиёт масканлари очилди. Жумладан, Уйчи кўчасининг  аввалида қуриб битказилган муҳташам ва кўркам бинода 14-оила поликлиникаси фаолиятини бошлади.

   Жорий йил Инвестиция дастурига мувофиқ, 20 дан ортиқ соғлиқни сақлаш муассасалари барпо этилмоқда ва қайта реконструкция қилиняпти. Бинобарин, атиги саккиз ой муқаддам пойдевор қўйишга киришилган мазкур қурилишини “Наманган давр қурилиш” масъулияти чекланган жамияти меҳнатсевар жамоаси жуда ҳам тезкор ва сифатли якунлашга муваффақ бўлди. Янги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси энг такомиллашган лойиҳа асосида қад ростлади. Уч қаватли саломатлик маскани кунига 250 қатновга мўлжалланган. 6 та маҳалланинг қарийб 32 минг нафарга яқин аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатилади.

  4 миллиард 814 миллион сўм бюджет маблғаи сарфланиши ҳисобига қуриб битказилган  оилавий поликлиника биносида яратилган шароитлар вилоятда ягоналиги билан эътиборга моликдир. Хоналар кенг ва шинам, тиббий талаблардан келиб чиқиб ишланган мебель жамланмалари билан таъминланган, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган тизимга уланган.

  Тиббий хизмат ва муолажалар замонавий тиббий анжом ва аппаратлар воситасида бажарилади. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида яқин орада 152 минг АҚШ доллари қийматида янги асбоб-анжомлар келтирилиши кўзда тутилмоқда.

  Янги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси биносининг тақдимоти катта тантанага айланиб кетди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров  мустақиллик шараофати билан юртимизда кечаётган буюк ўзгаришлар, хусусан  муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан инфратузилмаси ривожлантирилиб, қайта қурилаётган Уйчи кўчасининг истиқболи,  янги поликлиниканинг бунёд этилиши тарихи, унинг ҳудудни тариққий эттиришдаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Поликлиника жамоасига аҳоли саломатлигини кафолатли муҳофаза этишда омадлар тилади.

   Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 14-оила поликлиникасида салкам 100 нафарга яқин тиббиёт ходими хизмат қилади. Уларнинг 21 нафари шифокорлар, 56 нафари ўрта тиббиёт ходимларидир.

Улашиш