Мақом санъати дунёни Ўзбекистонга қаратмоқда

28
фото:http://maqomforum.uz

Ўзбекистон Австралияси деб номаъ олган Китоб, Шахрисабзни ким билмайди?! Айниқса бугун кўкаламзор шаҳар – Шахрисабзга ҳар жиҳатдан кўркамлик, ободлик бахш этилди. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги 3391-сонли қарори тарихийлик касб этди. “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора –тадбирлари тўғрисида”ги бу қарор халқимизнинг мусиқий қадриятини қайтарадиган бўлди. 2018 йил 6 апрель куни эса Президентимиз халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шаҳрисабз шаҳрида хар икки йилда бир марта халқаро мақом санъати ўтказиладиган бўлди. Бугина эмас, унинг мавқеи бунданда юқори. Жаҳон мақом санъати усталари ва ансамбллари учрашув-концертлари бўлади. Ўзбекистон ва жаҳон мақом санъати усталари ҳамкорлигида концертлар, учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирилади. Якка ижрочилар ва ансамбллар ўртасида мақом санъати ижрочилиги бўйича танлов ташкил этилади. Мақом санъати билан шуғулланувчи олимлар, ижрочилар иштирокида “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида илмий-амалий халқаро анжуман ўтказилади. Ўқув муассасаларида учрашувлар, услубий семинарлар, маҳорат сабоқлари (мастер-класс) ва ўнлаб тадбирлар бўлади.
7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича ташкилий қўмита мажлиси бўлди. Мажлис баёни билан анжуман ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот маркази фаолияти йўлга қўйилди. Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг ўринбосари С.Шукуров матбуот маркази фаолиятига раҳбарлик қилиши белгиланди. Республикадаги барча оммавий ахборот воситалари куч ва имкониятлари бу катта тадбирни ёритишга сафарбар этилмоқда.
Мақом – етук ва ўзига хос оғзаки профессионал мусиқа туркум жанри бўлиб, Ўрта асрларда бастакорлар томонидан яратилган. Мақомлар чолғу ва ашулалар йўллари ҳамда йирик туркум сифатида юзага келиб, ўзига хос ривожланган куй, мураккаб шакли, мукаммал ижро услуби билан ажралиб туради. Мақомлар – арабча “мақам” сўзидан олиниб, Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари маданиятидан ўрин олган, етук хонанда ва созандалар ҳамда бастакорлар (оғзаки анъанада яратуви-ижодкор) томонидан ижро этиб келинган. Мақомлар Шарқ халқлари мусиқа маданиятида жонли маънавий дурдона сифатида сақланиб, ривож олиб келмоқда . Булар орасида араб мақамлари, озарбайжон муғомлари, уйғур муқомлари, эрон дастгоҳлари, ўзбек-тожик мақомлари, мағриб нубалари, турк ва ироқ мақамлари ва бошқалар бор. Улар умумлашган “Шарқ мақомоти” тушунчаси билан юритилиши улардаги мақомлар номи, таркиби, туркум тузилишлари, барча ички қонуниятлари бир-бирига ўхшашлиги ва хусусиятлари мавжудлигидадир. Аммо ҳар бири ўзига хос ижро услуби ва усуллари, шевалари ва таркибий тузилиши билан ажралиб туради. “Шашмақом” (ўзбек-тожик), озарбайжон муғоми, уйғур муқоми ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдонаси” деб тан олинган ва умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилган.
Ўзбекистонда “Шашмақом”, “Хоразм мақомлари”, “Фарғона-Тошкент мақомлари”, дутор ва сурнай мақом туркумлари ҳамда мақом чолғу ва ашула йўллари мавжуд. Улар ҳозирги кунда республикамизда профессионал ва ҳаваскор мақом ансамбллари, созанда ва хонандалар томонидан ижро этилиб келинмоқда. Анъанавий “устоз-шогирд” мактаблари ҳамда мусиқа ўқув юртларида ўзлаштирилмоқда.
Асрий мусиқий қадриятимиз мақом юз турли ноз-карашма билан ўзимизга қайтгани муборак бўлсин!

Раҳимжон Ирисов, журналист

Улашиш