Картошка куяси – хавфли хашорот!

68

2018 йил 28 мартда  “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар туғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг  ПҚ-3626 сонли қарори қабул қилинди. Қарорда мамлакатимизда карантиндаги зарарли организмларни  Ўзбекистон худудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш,  шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириш белгиланган.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилишда халқаро  меъёрларга жавоб берадиган сифатли ва фитосанитар тоза  қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда туманимиздаги  фермер ва дехқон хўжаликлари ҳамда аҳоли  томорқаларида кўплаб мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Шу билан бир қаторда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини пасайиб кетишига ҳар хил зараркунандалар сабаб бўлмоқда.

Жумладан картошка куяси  капалаклар туркумининг ўйиқ қанотли куялар  оиласига мансуб бўлиб: картошка, помидор, бақлажон ва бошқа итузумдошлар оиласига мансуб ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли ҳашарот ҳисобланади.

Картошка куяси ўсимликларни далада, уларнинг ҳосилини эса  омборхоналарда сақлаш даврида зарарлайди. Картошка куяси даладаги картошкани 48-69 фоизгача, омборда сақланаётган картошкани эса 80-100 фоизгача зарарлаши аниқланган.

Қуртлар картошканинг барги, поя новдаси ва туганаги билан озиқланади. Улар асосан юпқа пиллага ўралиб баргда, поя ичида ва тупроқдаги кесакларга ёпишиб ғумбакка айланади, ғумбаги жигаррангда бўлади. Картошка куясининг капалаги 6-19 кун яшаб, оталангандан сўнг  150-200 тагача тухум қўяди.

У эрталаб ва кечқурун қуёш ботгандан сўнг учади, кундузлари баргнинг остки томонида ва бошқа пана жойларда яшириниб ўтиради. Зараркунанда очик далаларда бешинчи  ёш қурт ёки ғумбак шаклида қишлайди.

Картошка куяси ёзда очиқ шароитда, қишда эса  омборхоналарда ривожланишини давом эттириб, йилда 7-9 та авлод беради. Шундан: 5-6 таси ёзда, 2-3 таси куз-қиш-эрта баҳор фаслига тўғри келади.

Картошка куясига қарши агротехник ва кимёвий усулда кураш олиб бориш керак.  Мақсадимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини юксалишида барча турдаги қишлоқ хўжалик экинларини хашорот ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва сифатли  карши  кураш ишларини ўз вақтида олиб бориш, пировард натижада фитосанитар  тоза  экспортбоп маҳсулотлар етиштиришдир.

 

А. Қўчқаров, Намаган вилояти ўсимликлар карантини

хўдудий инспекциясининг ички

карантин бўйича етакчи агрономи. 

Улашиш