Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

178

  Ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш, муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Республика ишчи гуруҳи айни кунларда Янгиқўрғон туманида фаолият олиб бормоқда. Уларга бириктирилган турли соҳа вакиллари орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор.       “Сутлибулоқ” маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 95 ёшли Қўчқорбой ота Жайлонов қишлоқнинг ёши улуғларидан. Яқинда отахон хонадонига кутилмаган меҳмонлар ташриф буюришди. Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бир гуруҳ шифокорлари қарияни ва унинг оиласи аъзолари саломатлигини обдон текшириб кўришди. Қариянинг соғлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан маслаҳатлар берилди.

Навкентдаги 56-қишлоқ оилавий поликлиникаси бугун ҳар қачонгидан гавжум. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида бир ҳафтадан буён чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилмоқда. Маҳаллий шифокорлар вилоят ва қўшни туманлардан келган ҳамкасблари билан ҳамкорликда барча депарадаги маҳалларда яшовчи кексаю ёшни қабул қилишяпти. Тадбир самарали ўтиши учун зарур шароитлар яратиб қўйилган. Ультратовуш текшируви, ЭКГ ва бошқа  замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари узлуксиз ишлаб турибди. Шуниси эътиборга моликки, аҳоли ўртасида тиббий тарғибот ишлари ҳам кучайтирилмоқда. Мутахассислар соғлом турмуш тарзи тамойиллари, хусусан соғлом овқатланиш ва фаол ҳаёт кечириш ҳақида тушунча беришяпти.

-Эл соғлигини янада мустаҳкамлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигидан ғоят мамнунмиз. Қаранг, қанчадан-қанча шифокор ва мутахассислар ҳузуримизга келишган. Яратилган имкониятдан самарали фойдаланиб қолиш учун одамлар қишлоқ оила поликлиникасига ошиқишяпти. Мен ҳам оиламиздаги келину набираларим билан тиббий кўрикдан ўтдим, — дейди Людмила опа Маллабоева.

Бу каби дил изҳорларини кўпчиликдан эшитдик. Дарвоқе, бугун тумандаги 71 маҳалла фуқаролар йиғини бўйлаб кенг қамровли иш олиб борилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасида тиббий фаолиятни мувофиқлаштириб турган махсус штабдан маълум қилишларича, 17 та тиббий бригада шакллантирилган. Минг нафардан зиёд энг малакали шифокорлар ва тажрибали патронаж ҳамширалари мазкур хайрли ишга сафарбар этилган. Уларнинг кучи билан ҳар куни беш минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Уйида ётиб қолган беморлар хонадонларига алоҳида шифокорлар гуруҳи жўнатиляпти. Патронаж хизмати намунали йўлга қўйилган. Оилаларда тиббий маданиятни юксалтирш масаласи  ҳам диққат марказида турибди.

Тиббиёт соҳасига оид муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этилмоқда. Аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилаётир. Аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Қисқаси, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолдирилмаяти.

Улашиш