Янгиқўрғонлик Ўрмонжон ота Жўрабоевнинг орзуси ушалди

57

Янгиқўрғон туманидаги “Юксалиш”  маҳалласида яшовчи саксон  ёшли Ўрмонжон ота Жўрабоевнинг орзуси ушалди. Энди у ҳовлиси ва кўчага чиқиш, ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди. Оғир ҳасталик туфайли тушакка миҳланиб қолган қарияга туман тиббиёт бирлашмаси тиббий-ижтимоий хизмати ходимлари ногиронлар аравачасини туҳфа эдилар.

Маълумки, айни пайтда туманда Республика Ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилиб, мавжуд муаммолар ўрнида бартараф этиляпти. Жумладан, мазкур хонадонга ташриф чоғида кекса инсон томонидан билдирилган илтимос зудлик билан ҳал этилди. Саломатлик посбонлари шу билан бирга беморга малакали тиббий хизмат  кўрсатиб, уни дарддан холос этиш чораларини кўришмоқда.

Жўрабоевлар хонадонига келган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ҳастаҳол билан дилдан суҳбатлашди. Кекса авлод вакиллари ҳамиша ардоғда эканлигини таъкидлаб, Ўрмонбой отани безовта қилаётган касалликни самарали даволаш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Меҳнат фаҳрийси кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимизга миннатдорчилик билдириб, дуога қўл очди.

Бу туманда олиб борилаётган кенг қамровли тиббий тадбирлардан бир лавҳа халос. Ҳар куни юзлаб хонадонларга кирилиб, аввало нуронийлар, туғиш ёшдаги аёллар ва болаларнинг ҳолидан хабар олинмоқда. Айниқса, сурункали касалликларга дучор бўлган фуқаролар, ўзгалар қаровига муҳтож, шу жумладан ногиронларга меҳр ва мурувват кўрсатилмоқда. Уларнинг талабига кўра ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва эшитиш воситалари бериляпти. Шунингдек, эҳтиёж сезаётган кам таъминланган юртдошларимизга даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланмалар тақдим этилмоқда.

-Бу жараён йил бошидан бери изчил давом эттирилмоқда,- дейди бошқарма бошлиғи Солижон Мўминов. – Ҳозирга қадар 2,5 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган кишиларнинг эҳтиёжлари қондирилиб, ногиронлар аравачаси, ортопедик маҳсулотлар ва эшитиш мосламалари бепул тарқатилди. Яқин орада барча ногиронларнинг талаби тўла қондирилади.

Улашиш