Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид

91

 Наманган вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида ана шу мавзуда анжуман бўлиб ўтди. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари билан ҳамкорликда ташкиллади.Тадбирга тизимдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ҳуқуқшунослари таклиф этилди.

   Анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов кириш сўзи билан очди. Семинарда вилоят прокуратураси коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси  Азизбек Позилов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш Департаменти вилоят Бош бошқармаси ходими Илғоржон Аноров, вилоят Адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Абдураҳим Мусашайхов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси ҳуқуқшуноси Собиржон Насвалиевлар маърузалар билан чиқдилар.

  Нотиқларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бунинг учун қонуний асослар яратилган ва уларнинг ижроси изчил таъминланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда белгиланган қоидаларни амалга ошириш юзасидан Президент қарори ҳаётга татбиқ этилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси топшириқларини бажариш чоралари кўрилмоқда. Коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқий тадбирлар муттасил ўтказиб келинмоқда. Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар кўлами ортяпти.

  Шундай бўлсада тизимда коррупцияга бутунлай барҳам берилди, дейишга хали эртага ўхшайди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш ишларидан кўнгил тўлмаётгани сир эмас. Баъзи тиббиёт масканларида  қонунга зид ҳатти-ҳаракатлар ҳамон учраб турибди. Таъмагирлик ва товламачилик  ва бошқа салбий ҳолатлар афсуски қайд этилмоқда. Жиноятга қўл урган шахслар орасида раҳбар ходимлар ҳам борлиги ташвишлидир. Шунинг учун тиббиёт ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш зарур.

   Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Рафиқжон Ҳожиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш Департаменти бўлим бошлиғи Ҳусанжон Нўъмонов, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Наманган вилояти бўйича Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматилла Жўрабоевлар ҳам кун тартибидаги масала юзасидан мулоҳазаларини баён этдилар.

  Анжуман якунида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан тўлақонли жавоблар олдилар.

                                                                                                       Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш