Наманганлик кардиологлардан ажойиб янгилик

158

   Наманганлик кардиологлар  янги ва замонавий технологияларни татбиқ этишда хориж тажрибасини қўллашга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Айниқса, россиялик ҳамкасблари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилганлиги ижобий самаралар бераётир.

   Эндиликда вилоят кардиология маркази имкониятлари ва салоҳиятини ривожлантиршга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бинобарин марказ кардиология ва кардиожарроҳлик йўналишида нафақат вилоят , балки бутун водий вилоятлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, илгар пойтахт клиникаларида амалга оширилаётган қатор операцияларни бевосита Наманганнинг ўзида бажариш одат тусига кириб бормоқда.

Вилоят тиббиётида  эришилаётган ютуқлар бевосита хусусий шифо масканлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Косонсойда 2012 йилда ташкил этилган “Алвои Шижоат” Россия-Ўзбекистон кардилогия маркази хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Яқинда мазкур даволаш муассасасига Бакулев номидаги юрак-қонтомир жарроҳлиги илмий маркази  таниқли кардиолог ва кардиожарроҳлари ташриф буюришди. Россиялик олим-шифокорлар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга аҳолига тиббий хизмат кўрсатишди.

— Вилоятнинг олис ҳудудларида ҳам шу қадар замонавий, мукаммал тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган шифохона борлиги эътирофга лойиқ, — дейди тиббиёт фанлари номзоди Мария Рябина. — Ташрифимиз давомида жуда кўп юрак хасталигидан азият чекаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатларимизни бердик. Маҳаллий шифокорлар билан мулоқотларимиз чоғида ўргатганларимиз эса  ҳамкасбларимиз тажрибасини янада бойитишга хизмат қилишига умидворман.

Туман ҳокимлиги мажлислар залида кечган халқаро илмий-амалий конференция эса кардиология соҳасининг энг долзарб масалаларини қамраб олди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасаларида иш олиб бораётган шифокорлар жалб этилди. Анжуман ғоят қизиқарли тарзда ўтди. Россиялик мутахассислар кардиологик хасталикларни самарали даволашнинг жаҳон тажрибаси хусусида маърузалар билан чиқдилар. Юрак бўлмачалари фибрилляциясига оид янги тадқиқотлар ҳақида тушунча берилди.

Савол-жавоблар чоғида юрак-қонтомир касалликларини даволашнинг янги усуллари ва соҳада эришилаётган ютуқлардан воқиф бўлинди.

                                                                                               Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш