«Маърифат китоб олами» хайрия жамоат фонди Китобсевар талабаларга ўқиш контрактини тўлаб беради! Фонд яна нималарни мақсад қилган?

39
Наманган шаҳрида маърифатпарпар тадбиркор Маъруфхон Мўминов томонидан ташкил этилган “Маърифат китоб олами” хайрия жамоат фондининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «vodiymedia.uz» хабар беради.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими раҳбари Муҳаммадали Убайдуллаев кириш сўзи билан очган ва олиб борган тадбирда, вилоятнинг адабиёт, маърифат ва маънавият соҳасининг етук вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.
Юртимизда китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва шу йўл билан ҳамюртларимиз маънавиятини юксалтириш, кам таъминланган оилаларни маънавиятини юксалтиришга хизмат қилувчи бадиий адабиётлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, лицей, коллежлар, маҳаллаларда китоб акцияларини ўтказиб бориш, меҳрибонлик уйлари, ногиронлар, қариялар уйларида кутубхоналар ташкил этиш, акциялар уюштириш, ахолини китоб ўқишга қизиқишини ортириш каби эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган “МАЪРИФАТ КИТОБ ОЛАМИ” хайрия жамоат фонди, ўз йўналишида Ўзбекистонда ягона ҳисобланади.
Тақдимот маросимида Маъруфхон Мўминов фонднинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари, лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари, молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Вилоятимиз ижодкорларининг китобларини нашр этилишига кўмаклашиш; кенг омманинг бепул фойдаланишига имкон берувчи “Адабиёт уйлари” ташкил этиш; аҳолининг китоб ўқишга қизиқишини ортириш мақсадида “Book Café”лар ва “BusBook”лар ташкил этиш; ногирон болаларнинг уйда таълим олишлари учун уларни доска, парта, стол, кўргазмали ўқув қуроллари билан таъминлаш билан боғлиқ тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш каби режалар йиғилганлар томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди.
Олий таълим муассасаларида юқори кўрсаткичлар билан таълим олаётган, кам таъминланган оилалар фарзандларига таълим контракт тўловларини амалга ошириш учун грантлар жорий этиш йўлга қўйилгани ҳақидаги маълумот эълон қилингач, зал ўта жонланди. Йиғилганлар орасида ўтирган талабалардан бу қайси йўл билан берилиши ҳақида савол тушди.
“Бу грант “Маърифат китоб олами” хайрия жамоат фондининг бўлгани учун, ўз ўзидан фақат аъло баҳоларга ўқиш етмайди. Бундан ташқари фонд комиссияси томонидан белгилаб бериладиган, айтайлик 50 асардан иборат рўйхат талабгорларга тақдим этилади. Ана шу асарлар юзасидан оғзаки ва тест синовлари ҳамда иншо танлови ўтказилади. Бунинг натижасида грант соҳиблари аниқланади” деб жавоб беришди Фонд раҳбарлари.
“Кўчаларда очиқ китоб жавонлари ташкил қиламиз, ҳар бир бекатда бундай китоб жавони бўлади. Ичига бир неча миллионлик китоб қўямиз деяпсиз. Ўғирлаб кетишлари ҳақида ўйладингизми?” деган савол тушди залдан. “Албатта, буни истисно этиб бўлмайди. Бироқ биз бунга тайёрмиз ва бунга розимиз ҳам. Чунки олиб кетган бир марта олиб кетади, икки марта олиб кетади, балки олиб бориб бировга арзонроқ сотар ҳам. Аммо якунда барибир кимдир бу китобни мутоала қилади. Мақсадимиз ҳам аҳолини китобга дўст қилиш. Олинган, қайтарилмаган китобларни ўрнини яна тўлдириб бораверамиз” дея жавоблади Маъруфхон Мўминов.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ
Улашиш