Учқўрғондаги янги кичик ГЭСлар

68

Катта Фарғона канали ҳақида гап кетганда ҳар биримиз у бунёд этилган ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирини эслаймиз. Ўшанда у минглаб кишиларнинг фидокорона меҳнати эвазина, тўла қўл кучи билан бунёд этилган. Водийдаги энг йирик гидротехник иншоотлардан ҳисобланмиш мазкур қўлбола дарё қурилиш 1939 йил 1 августда бошланиб, қирқ беш кун ичида битказилганди. Халқ ҳашарида 180 минг нафардан ортиқ киши қатнашган киши,  3000 нафар муҳандис-техник ходим қатнашди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди.

Канал тарихига бугунги кунларда янги зарҳал саҳифалар ёзилмоқда, дейиш мумкин. Биз бу ерда барпо этилаётган қўш гидроэлектр станцияни назарда тутмоқдамиз. Маълумки, 2017 йил июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида  Наманганга ташриф буюрганди. Ўшанда у мамлакатнинг барча ҳудудлари қатори Наманган вилоятини ҳам изчил ривожлантириш бўйича режа ва мақсадларни баён этиб, мазкур каналда қад кўтарадиган ГЭСлар лойиҳасига ҳам юқори баҳо берганди.

Шундан кейин тез орада янги “нурхона”лар қурилиши бошланиб кетди.  «Topalang HPD BULDING» масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари шаҳд билан ишга киришдилар. Аввало, мазкур жамоа аъзолари сув хўжалиги ва энергетика объектлари қурилишида катта тажриба тўплаган. Боз устига бундай иншоотларни барпо этишда зарур бўладиган машина-механизмларга ҳам эга.

– Қурувчиларимиз ўзларига мазкур объектлар қурилиши ишониб топширилганидан ниҳоятда хурсанд бўлдилар, — дейди МЧЖ бош муҳандиси Очилбек Жўраев. – Чунки у бугунги кунда мамлакатимизда бунёд этилаётган гидроэнергетика иншоотлари орасида алоҳида ўрин тутади. Станцияларнинг ҳар бири 6 магаваттдан қувватга эга бўлиб, йилига 72,8 миллион киловатт-соат электр қуввати ишлаб чиқара олади. Объектни тўла ишга тушириш учун жами сарфланадиган сармоя ҳажми 25,88 миллион долларни ташкил этади. Маблағнинг асосий қисми ва технология жиҳозлари Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлар томонидан етказиб берилади.

Ўтган давр мобайнида бунёдкорлар объектда 45 миллиард сўмдан зиёд маблағни ўзлаштирдилар. Тўрт ярим километрли янги канал ўзани барпо этилди. ГЭСлар айнан мана шу тармоқда қад кўтаради. Катта Фарғона каналига сувни турбиналар ўрнайдиган тўсиқ иншооти ҳам қуриб битказилди. Айни пайтда бўлажак станциялар бинолари жадал суръатда тикланмоқда. Декабрь ойи охирида турбиналар ҳам моньаж қилиб бўлинади. Келгуси йилнинг биринчи чорагида создаш ишлари олиб борилади ва Наврўз байрами орасида истеъиолчиларга дастлабки киловатт-соат электр қуввати етказиб берилади.

Ана шу кунни тобора яқинлаштириш бунёдкорларнинг асосий мақсади. Шунинг учун қурилиш майдончаларидаги иш икки навбатда ташкил этилган. 15 та экскаватор, бульдозер ва бошқа механизмлар, 20 дан ортиқ транспорт воситаси тинмай ишлаб турибди. Бетончилар Абдурасул Мелибоев, Сайфиддин Сулаймонов, пайвандчи Мирзоҳид Холдоров, бульдозерчи Сарвар Мадиёров энг юқори унумдорликка эришиб, ҳамкасбларига ўрнак кўрсатмоқдалар.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ

                                                                Раҳмонжон Мамадалиев олган суратлар.

Улашиш