Наманганда қўл жанги бўйича чемпионлар лигаси халқаро турнири бўлиб ўтди

62

Мусобақада Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон давлатларидан спортчилар иштирок этди.

Халқаро қўл жанги федерацияси тақвим режасига кўра ташкил этилган турнир “Навбаҳор” стадионида тантанали маросим ва таниқли санъаткорлар иштирокидаги катта концерт дастури билан бошланди.

27.jpg

Бугунги кунда вилоятда спортнинг мазкур тури бўйича 40 дан зиёд тўгарак фаолият юритмоқда. Жорий йилда Россиянинг Уфа, Беларуснинг Минск шаҳарларида бўлиб ўтган нуфузли халқаро турнирларда З.Олимжонова, А.Жўрахонов, Ш.Назаралиев, М.Абдуллаев, Б.Шарипов сингари ёш спортчилар фахрли ўринларни қўлга киритган.

Мусобақада дастлаб гиламга 60 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар чиқди. Унда мамлакатимиз вакили Ш.Турсунов тожикистонлик спортчи Ф.Аҳмеджоновни муддатидан аввал енгиб, турнир ғолиби бўлди. 65 килограмм вазнда гиламга чиққан қашқадарёлик О.Нормуродов Қозоғистон вакили Д.Кайишбеков устидан соф ғалабани қўлга киритди.

30.jpg  Муросасиз кечган яна бир учрашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. 70 килограмм вазн тоифасида кутилганидек тошкентлик М.Мамажонов рақиби – россиялик икки карра жаҳон ва Европа чемпиони Р.Гамидуллаевни мағлуб этди. 55 килограмм вазнда наманганлик Осиё чемпиони А.Жўрахонов тожикистонлик Т.Иноятовга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Шундан сўнг титул жанги ўтказилди. 5 раундли титул жанггида бухоролик Ж.Жумаев 75 килограмм вазн тоифасида беларуслик спорт устаси, қўл жанги ва самбо бўйича жаҳон чемпионати финалчиси Э.Муравительскийдан устун келди.

Наманганда илк бор ўтказилган мазкур халқаро турнирда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси мутлақ ғолиб бўлди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
Улашиш