Видео: Наманганда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага ёрдам кўрсатилди

213
Фото: namangantoday.uz
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов бошчилигидаги бир қатор тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат гуруҳ маҳаллаларда бўлиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан бевосита мулоқот асосида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий чоралар кўрмоқда.
Гуруҳнинг навбатдаги ташрифи Наманган шаҳрининг Чинор маҳалласидаги Лангар кўчаси 13-уйда яшовчи Б.Файзуллаевлар хонадонига бўлди.
– Хонадон соҳиблари ҳар томонлама кўмакка, меҳр-мурувватга муҳтож, – дейди «Чинор» маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Г.Абдураҳимова. – Чунки, оила бошлиғи Баҳодир Файзуллаев бир неча йил аввал инсульт туфайли хаста бўлиб қолган. Унинг турмуш ўртоғи Муҳаррамхон опа ҳам жигар хасталиги билан бир ярим йилдирки, тўшакка михланиб ётибди. Уларнинг 23 ёшли ўғли Баҳромжон туғма юрак нуқсони дарди билан азоб чекиб келади. Оилада бир ўғил – Фахриддингина ишлайди. Яна бир жиҳати, уч сотихли мазкур хонадонда икки ака-уканинг 13 кишидан иборат оиласи сиқилишиб яшайди.
С.Мўминов дастлаб беморлар билан суҳбатлашди, уларнинг саломатлиги хусусида шикоятларини тинглади ва ўтган давр мобайнида турли шифохоналардан берилган тиббий хулосалар билан танишди.
Фото: namangantoday.uz
Шундан сўнг кардиолог, невропатолог, гастроэнтеролог, инфекционист каби бир қатор соҳа мутахассислари томонидан беморларнинг айни пайтдаги аҳволи ўрганилди ва тегишли хулосалар берилди. Унга кўра, 47-Наманган вилояти бош тиббий меҳнат экспертиза комиссияси раҳбари томонидан бемор М.Мўминовага ногиронлик гуруҳи берилиши юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилди. Навқирон ёшида юрак хасталиги билан азият чекаётган Баҳромжон эса шу кунннинг ўзида шифохонага ётқизилди ва қайта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, стационар даволашга киришилди.
– Биз ишчи гуруҳлар билан туманларда, маҳаллаларда юриб, шу каби ночор оилалар саломатлигини тиклашда давлат томонидан кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Мўминов. – Йил бошидан буён бир неча ўнлаб шундай ижтимоий кўмакка ўта муҳтож оилаларни тиббий кўрикдан ўказиш, даволаш бўйича амалий ишлар қилдик. Бу ишни такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш мақсадида бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинлари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамкорлигида хатлов ўтказиб, шундай оилалар рўйхатини шакллантириш устида иш бошладик. Аниқ манзилли ёрдам кўрсатиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади, албатта.
Акромжон Сатторов, ЎзА
Видео: YouTube

Таҳририятдан: Бугун соха раҳбарининг ташрифи хонадон сохибларининг келажакка ишончини қайтарди. Энди ушбу хонадоннинг турар-жойга бўлган ўта муҳтожлигини Наманган шаҳар хокимлиги эътиборига ҳавола қиламиз.

Улашиш