Наманганлик мард ўғлонлар

102

МУҲАММАДХОН  ЮСУПОВ

2015 йилда «Наманган садоси» газетамизда «Таниш ном, ўзгача шакл» сарлавҳаси остида Муҳаммадхоннинг «Юрт келажаги» иқтидорли ёшлар Республика танловида адабиёт йўналиши бўйича ғолиб бўлганлиги ҳақида мақола эълон қилгандик. Унинг ажойиб, ўзига хос, кутилмаган услубда ёзган таъсирчан асарлари, қисқа ҳикояларидан намуналар бергандик.

Улар шаклан, мазмунан, тузилиши жиҳатидан ҳам ҳар хил эди. Бирида мавҳумликка ўралган фалсафа ётса, бошқасининг охирига «бомба» кўмилган бўлиб, ҳикоя сўнгига етилганда аввалги таассуротларингизни портлатишга хизмат қилади. Яна баъзиларида ҳикоянинг ўзи ҳеч қандай ҳодисани ифода этмас, аммо унинг кетидаги воқеалар тасаввури ҳаммасини «қойиллатарди». «Сиз – дадамсиз, сен – ойим!» педагогик таҳлилий мақоласи эса матбуотда шов-шув кўтарганди.

Орадан уч йил ўтди. 23 ёшида Муҳаммадхон Юсупов Давлат мукофотига лойиқ кўрилди, Президент эътирофини қозонди.

У 2011 йилда шаҳардаги 57-умумтаълим мактабини, 2014 йилда Наманган туманидаги Олаҳамак иқтисодиёт коллежини аъло баҳоларга тугатган.

Янги таъсис этилган нуфузли мукофот Муҳаммадхонга олийгоҳ талабаси бўлиш имтиёзини ҳам туҳфа этди. У Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг таржима назарияси ва амалиёти факультетини танлади. Бу эса ёш ижодкорга инглиз ва рус тилларини мукаммал ўзлаштириш, бадиий баркамол асарларни чет тилларга ўгириш имконияти эшикларини очади.

Муҳаммадхоннинг айрича таржимаи ҳолидан парча келтирамиз: «Ўшанда ёшлар танловига «Арвоҳкапалак» романим билан қатнашгандим. Ёш бўлишимга қарамай, роман ёза олганим ва бунинг устига криминал жанрига қўл урганим учун албатта ғалабага эришаман, деб ишонгандим. Бироқ ундай бўлмади. Шундан кейин мен муҳими қанча ёзиш эмас, қандай ёзиш эканини англаб етдим ва ўз ижодий услубимда жиддий бурилиш қилишга киришдим. Хаёлимга бирин-кетин қисса, роман учун мавзу бўладиган ғоялар келарди, аммо бу сафар шошилмасликка қарор қилдим.

Ижодий танаффусим то ziyouz.com сайтида «Энг қисқа ҳикоялар» номли мақолани ўқиб қолгунимгача давом этди. Унда бир нечта жуда-жуда қисқа ҳикоялар берилган эди. Улар орасида мен илк ўқиган ва бир неча соатлаб ўйга толдириб қўйган «жажжи асар» Эрнест Ҳемингуэйнинг бор-йўғи олти сўздан иборат машҳур ҳикояси эди:

For sale: baby shoes. Never used. (Болалар пойабзали сотилади. Кийилмаган…)

Шундан сўнг интернет тармоғи орқали шу каби қисқа ҳикояларнинг доимий муштарийсига айландим ва бу кўп ўтмай ўз самарасини бера бошлагандек бўлди — Мен қисқа ҳикоялар ёза бошладим.

Танловларга ўзимнинг қисқа ҳикояларимни тақдим этдим. Улар мени «уялтириб қўйишмади«. Ростда, кимдир бошидан баланд сакрамагунича юксалиш бўлармиди?..»

Муҳаммадхон «Мард ўғлон» Давлат мукофотига адабиёт йўналишининг наср ва драматургия соҳаси бўйича асосий талабгорлардан бўлди. Бунга қадар у «Янги авлод-2009» Республика иқтидорли ёшлар танловининг вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритган, 2010 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги «Истеъдод мактаби» I Республика семинарида, Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан 2017 йилда ўтказилган I Республика ёш ижодкорлар форумининг наср гуруҳига раҳбарлик қилишда фаол иштирок этган. Қозоғистон Республикасининг «Сайрам сабоси» нашри томонидан ўтказилган энг яхши қисқа ҳикоялар танловида «Даҳшат» ва «Столдаги хат» унга ижод ғалабасини олиб келган.

Муҳаммадхоннинг «Радиодаги амаки» ҳикояси асосида режиссёр Абдусамад Абдусаломов 2016 йилда «Ожизлик» номли қисқа метражли фильм ишлаган. Ушбу фильм «PROlogue» II ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар кинофестивалида муваффақиятга эришган ва унинг ҳам бир вақтда ўз ценарийси асосида тасвирга олган «Айб» қисқа метражли ҳаваскорлик фильмини мазкур фестивалнинг саралаш босқичида ҳакамлар юқори баҳолаган.

2017 йил Муҳаммадхон учун анча самарали кечди. Кинематографияни ривожлантириш марказининг танловида «Кино» қисқа метражли фильм лойиҳаси билан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбеккино миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан шу йили ташкил этилган «PROlogue» III ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлар фестивали питчинг дастурида «Оқ-қора спектакль» фильм лойиҳаси билан ғолиб бўлди.

Шунингдек, ўтган йили у Ўзбекистон «Ёшлар иттифоқи мукофоти»нинг Республика босқичигача етиб бориб, энг сўнгги кучли уч номзоддан бирига айланди.

Эътибор беринг, жорий йил эрта баҳорда Ўзбеккино миллий агентлиги буюртмасига биноан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан суратга олиниши бошланган ва Ўткир Ҳошимовнинг шу номли ҳикоясига асосланган «Урушнинг сўнгги қурбони» қисқа метражли фильми ценарийси Агентлик раиси ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев ташаббусига кўра, айнан Муҳаммадхон Юсуповга ишониб топширилди. Ценарий Бадиий кенгаш томонидан илиқ қарши олинди. Фильм муваффақиятли чиқиб, муҳим сана арафасида Алишер Навоий номидаги кино саройида премьераси ўтказилди.

Шундай қилиб, 2018 йилнинг февралидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёш ижодкорлар кенгашида ўз ишини бошлаши билан Муҳаммадхоннинг ижодий ва касбий фаолиятида янги давр келди. Унинг яқинда «Қисқа ҳикоялар» номли китоби чоп этилди. 30 июнь — Ёшлар кунида пойтахтда китобнинг илк тақдимоти тантанали уюштирилди.

— Муҳаммадхон ўзининг фаоллиги, меҳнатсеварлиги, илиқ ва дўстона муносабати билан жамоамиздаги ҳамманинг кўнглидан чуқур жой олиб улгурди. Креатив фикрлаш, ҳамма нарсага қизиқарли тус бера олиш қобилияти каттаю кичикнинг тилига тушди. У ёки бу масалада, муаммоли вазиятларда ҳамкасбларидан ёрдамини аямайди, — дейди ифтихор билан Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова. — М.Юсупов ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ҳам фаол ва юқори даражада саводли. Масалан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг расмий веб-сайти, Республика ёш ижодкорлар кенгаши веб-сайти, кенгашнинг фейсбук, телеграмм тармоқларидаги саҳифаларини назорат қилишда, такомиллаштириб боришда жонкуярлардан биридир.

Қаҳрамонимиз спортнинг сузиш тури билан шуғулланади, гиперспортнинг «Pro Evolution Soccer» тури бўйича эса тенгдошлари орасида алоҳида ҳурматга эга. Юқорида санаб ўтилган барча ютуқлар, аслида, чинакам мард ўғлон, адабиёт ва кинонинг умидли юлдузига айланаётган Муҳаммадхонни тарбиялаб вояга етказган ота-онаси Олимжон ака ва Лобархон опаларники! Муҳаммадхонга эса сўзни янада музаффар қилиши, адабиётнинг атомдан кучли эканлигини исботлаши учун баланд илҳом, ўзбек ҳикоячилиги қироли ҳисобланган Абдулла Қаҳҳорнинг ўткир қалами ва нигоҳи ҳамроҳ бўлишини тилаймиз!

Орифжон  ЖЎРАЕВ.

САРВАР  МУРОДУЛЛАЕВ

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида 1997-1998 йилда туғилган ўсмирлар ўртасидаги мамлакат биринчилигида Наманган вилояти вакиллари 19 та, шу жумладан, 5 та олтин медални қўлга киритдилар. Ўз вазн тоифасида ғолиб бўлганлар орасида Сарвар Муродуллаев ҳам бор.

Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида каратэ бўйича нуфузли халқаро турнир якунланди. Турнирда 67 килограмм вазн тоифасида қатнашган ўзбек каратэчиси Сарвар Муродуллаев Индонезия, Хитой, Эрон ва Малайзия вакилларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор чиқди.

Юртимиз каратэчилари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўтган «Каmagatа Сuр» халқаро турнирида 8 та медални қўлга киритди. Мусобақанинг яккама-якка беллашувида Отабек Мамбетов, Азиз Ваққосжонов ва Сарвар Муродуллаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Мафтуна Тўрақулова ўз вазн тоифасида барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, олтин медал соҳибаси бўлди…

Чортоқ туманида туғилиб-ўсган истеъдодли спортчининг ютуқлари ҳақидаги бундай хабарларни матбуот саҳифаларида тез-тез учратиш мумкин. Бугунги кунда у мамлакат терма жамоаси аъзоси сифатида ана шундай нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда у эришган ғалабалар барчамизни чексиз қувонтирмоқда.

Айни пайтда Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг тўртинчи босқичида таҳсил олаётган Сарвар Муродуллаевнинг ҳаётида яқинда улкан қувончли воқеа рўй берди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги қарорига мувофиқ «Мард ўғлон» Давлат мукофоти билан тақдирланди.

— Биз наманганлик спортчилар Сарварнинг юксак мукофотга муносиб кўрилганидан жуда хурсанд бўлдик, — дейди дзюдо бўйича бир неча бор республика чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Кумуш Хўжаева. — Мен уни ўн йилдан бери яхши биламан. Турли тадбирларда, ёшлар билан учрашувларда кўп марта бирга қатнашганмиз. У ҳар сафар бундай мулоқотларда йигит-қизларга ўзининг ўқиш ва спортдаги ютуқлари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаб беради. Уларни ҳам меҳнатда, ўқишда, жамоатчилик ишларида фаол бўлишга ундайди. Бу эса ижобий самарасини бермай қўймайди.

Сарвар Муродуллаевнинг нуфузли мукофот билан тақдирлангани Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят кенгашида ҳам кўтаринки руҳда кутиб олинди. Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши раисининг ўринбосари Дилноза Акрамованинг айтишича, у нафақат тенгдошлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам ўзининг ибратли фазилатлари билан танилган. Институтда уни аълочи талабалардан бири сифатида ҳурмат қилишади.

«Мард ўғлон» Давлат мукофоти совриндори Сарвар Муродуллаевнинг самимий сўзларига қулоқ тутайлик:

— Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, юксак мукофот топширилгани, албатта, мени янада кўпроқ изланишга, ўрнак кўрсатишга, спорт соҳасидаги маҳоратимни тинмай оширишга даъват этади. Билдирилган ишончни оқлаш учун ҳамма имкониятимни ишга соламан. Раҳматли отам Жавлонбек шундай ёруғ кунларни кўрмадилар-да… Асосий мақсадим — Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрўси ошишига муносиб ҳисса қўшиш. Бу билан барча юртдошларимни ҳам шод этишга эришган бўлардим.

Қаҳрамонимиз ўқийдиган институтдаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ҳожиакбар Паттаевнинг фахрланиб маълумот беришича, куни кеча унинг оила аъзоларига Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг табрикномаси йўлланди. Табрикномани эсдалик совғаси билан биргаликда олийгоҳ ректори Шукуржон Кенжабоев, қурилиш факультети декани Аҳмаджон Тўхтабоевлар Сарварнинг хонадонига етказишди. Бундан машҳур спортчининг онаси Нилуфар опа қувонч кўзёшларини тутиб туролмади ва меҳмонларга самимий миннатдорчилигини билдирди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ.

Улашиш