Мўътабархон Мақсудова: «Оила илми – халқимизнинг асрий қадриятлари сарчашмасидир»

69

Катта сулоланинг кичик бўғини сифатида шаклланадиган янги оилани оёққа турғазишнинг ўзи бўлмайди. Шу маънода  оила тутиш, уни бошқаришнинг  ўзи бир илм. Бу илм биносига билган ҳам, билмаган ҳам бир бор бош суқиб кўради, албатта. Айни шу жараёнда оила илмини эгалланганлиги ёки аксига қараб ҳаётий қувончлар ва ташвишлар бошланади. Суҳбатдошимиз  «Оила»  илмий-амалий тадқиқот маркази Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Мўътабархон Мақсудова шу хусусда мулаҳаза билдиради.

— Мўътабар Абдусаломовна, хабарингиз бор, шу йил 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Унда оила институти ва уни мустаҳкамлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар очиқ-ойдин таъкидлаб ўтилди ва галдаги вазифалар белгилаб берилди. Энг аввало, шу ҳақдаги ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз.

— Қарорда таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётига, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни  тўлиқ рўёбга чиқаришга тизимли муаммо ва камчиликлар тўсқинлик қилаяпти. Уларни бартараф этиш учун оила институтини мустаҳкамлашнинг институтционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш, замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш кабилар асосий йўналишлар этиб белгиланди.

Оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди ва уни амалга ошириш бўйича вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг шахсан жавобгарлиги ҳам белгилаб қўйилди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаол ролини таъминлашга эришилади.

«Оила»  илмий-амалий тадқиқот маркази бежиз ташкилланмади. Ҳозирги вазиятда шундай марказга эҳтиёж борми, демак, биз яшаб турган жамиятда оила муаммолари анчамунча йиғилиб қолган. Сизнингча, Наманган вилояти мисолида қайси муаммолар алоҳида кўзга ташланади?

— Вилоятимизда биринчи бўлиб, 2018 йил 3 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказимизда жами 26 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.

       Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, хуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

  Ҳозирги кундаги оилалардаги асосий муаммолардан бири  – бу оиладаги шахслараро муносабат  ва  мулоқот муаммосидир.  Вилоятимизда бугунги кунда ёшларнинг эрта турмуш қуриши, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳам  учраб турибди. Оқибат эса маълум: саломатликларини йўқотмоқда, қариндошлар ўртасида тузилган никоҳдан ногирон болалар туғилмоқда.

 Кузатишлар шуни кўрсатадики,  айрим ёшлар оила қуришга тайёр эмас, уларда ҳис-туйғулар, оилага, турмушга жиддий маcъулият ҳисси етишмайди. Оила  психологияси илмининг  муҳим вазифаси ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда нафақат қизларни, балки йигитларни ҳам уй тутиш, рўзғор тебратиш, поклик, ҳаё, андиша, қайнона-қайноталарни чуқур ҳурматлаш, оила, никоҳ, фарзанд бурчи, оилавий муносабатлар одобини ўргатиш, йигитлик ғурури, қизлик шаъни ҳақида тушунча ва тасаввур  бериб боришдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли Фармони бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Ёшларимиз оила қуришда  Ватанимиз келажагини янада юксакликка кўтаришлари, миллий қадриятларимизни сақлаб қолишлари, оилавий ажримлар, низоларнинг олдини олишларига эътибор беришлари шарт. Бу Марказ олдида турган энг муҳим вазифалардан бири.

— Вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги оилавий муҳит ижтимоий шаклланиши нуқтаи назардан фарқли хисобланади. Дейлик, Косонсой тумани ва Наманган шаҳридаги оилавий муносабатларни Чортоқ туманидаги оилавий муҳит хусусиятлари билан қиёслаб бўлмайди. Ҳатто, бир туман қишлоқлари орасидаги оилавий муҳитларда ҳам фарқлар кўзга ташланади. Шу маънода сиз раҳбарлик қилаётган бошқарма муаммоларга муносабатларни қандай ёндашувлар асосида шакллантирмоқда?

— Вилоятимизда 2708,6 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ундан 1374,1ни эркаклар, 1334,5 ни аёллар ташкил этади. Жами оилалар сони 691906 дан ортиқ. Вилоят бўйича 770 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўсатиб келмоқда.

 Чиндан ҳам  ҳар бир туман ва шаҳар оилаларидаги муҳит бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Наманган шаҳри аҳолиси асосан ҳунарманчилик, тадбиркорлик билан кўпроқ шуғулланади. Туманларда эса аҳолининг зиёли бўлишга интилишлари кучлироқ. Бундан ташқари, шеваларда ҳам фарқ мавжуд. Косонсой ва Чуст, Поп  туманларида кўп миллатли оилалар кўпроқ учрайди. Демак, улардаги урф-одатлар шунга мослашганлигини кўриш мумкин.          Наманган шаҳрида кўпроқ қайноналар, қайинсингилларнинг келинга бўлган талабчанлик хусусияти, эрта турмуш қуриш, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳлар кўпроқ учрайди. Кейинги пайтларда айрим туманларда ҳам эрта турмуш қуриш, қариндош-уруғ ўртасидаги никоҳнинг қайд этилиши ҳоллари учраётган эди. Оилавий маросимлар ўтказиш борасида ҳам айрим фарқлар бор. Масалан, Наманган шаҳрида туғилган кунларни дабдабали ўтказиш одати йўқ. Туманларда эса аксинча. Тўй маросимларини ўтказиш борасида ҳам кейинги пайтларда мусобақа тарзида, яъни келин-куёв, қайнона-қайнота, овсин, қайинсингил, уларнинг фарзандлари учун турли совғалар, турли хил пишириқларни тез-тез жўнатиш (ҳар пайшанба, якшанба, туғилган кунлар, байрамлар, ҳайитлар) жуда кучайиб кетган эди. Бундай салбий ҳолатлар  маҳаллий ҳокимият мутасадди раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ходимлари, МФЙ каби бир қатор давлат ташкилотлари томонидан тартибга солинмоқда.

  Барча туман ва шаҳар оилаларини умумий боғлаб турадиган бир хусусият борки, у ҳам бўлса бир-бирини қўллаб-қувватлаш, бир-бирига ёрдам бериш, қариндош-уруғчилик муносабатларининг оқибатли кўринишлари.

  Наманган шаҳар ва туманлар «Оила» марказлари раҳбарлари ўз ҳудудларидаги миллий, этнопсихологик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлардан келиб чиқиб, оилалар билан ишни ташкил қилмоқдалар. Замонавий, намунали оилалар даражасига кўтариш мақсадида оилаларни турли мезонлар бўйича таҳлил қилиш асосида иш олиб боришларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова раҳбарлигидаги марказ ходимлари жуда катта амалий ёрдам бериб келмоқдалар. Президентимиз таклифлари бўйича Тўрақўрғон тумани республикада намунали туман даражасига олиб чиқилиши катта вазифа қилиб қўйилди. Бу борада ҳозиргача бир талай ишлар амалга оширилди. Аввало ночор, нотинч, инқирозга юз тутган, ажралиш ёқасида турган оилаларни аниқлаб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, амалий ёрдам берилмоқда. МФЙларда мутахассислар ўртасида мунтазам фокус-тренинглар ташкил этилмоқда. 2018 йил август ойининг охиригача Тўрақўрғон туманини, шунингдек, оилавий муаммолар кўпроқ учраётган Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсойни ҳам намунали туман даражасига олиб чиқиш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш асосий мақсадимиздир.

— Маълумки, оилавий муаммоларнинг аксарияти иқтисодий етишмовчиликларга бориб тақалади. Хусусан хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, жиноятга қўл уриш каби аянчли иллатларнинг сабаблари ҳам шу омиллар билан кўпроқ изоҳланмоқда. Хулоса қилиш мумкинки, ўзбек аёлларига хос асрлар бўйи шаклланган иродавий хусусиятлар аста-секин йўқолиб бормоқда. Қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар унинг оқилона ечимини излаш ёки сабр-тоқат қилишдан кўра нисбатан ўзлари осон деб ҳисоблаган «йўлни»  танлашмоқда. Нима учун шундай вазият юзага келмоқда? Аёлларда иродавий хусусиятларни мустаҳкамлашнинг психологик жиҳатдан замонавий имконлари борми?

— Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, жиноятга қўл уриш каби аянчли иллатлар сабабини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳақиқатдан шахсда ирода, яъни қийинчиликларга чидай олиш холати ёшликдан шаклланади. Ҳозирги ёшларнинг иродаси бундан 30-40 йил аввалги ёшлар иродасидан фарқ қилади. Чунки бугун ёшлар учун давлатимиз ва ота-оналар томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Кишилар қийин шароитларда кўпроқ кучли, сабр-қаноатли, чидамли бўлишга ҳаракат қилиб, келгусида ана шу қийин шароитни яхшилашга ўзлари ҳам ҳаракат қиладилар. Бугун, телефон, турли замонавий машиналар, уй юмушларини бажариш учун техника воситалари айрим ёшларни дангаса, боқиманда қилиб қўйди. Бу шароитлар уларга катталар томонидан яратиб берилиши, яъни ўзларининг пешона тери билан ишлаб пул  топмаётганлиги ҳам ироданинг бўшашиб кетаётганлигига сабаб бўлмоқда.  Илгари ёш оилалар уй жиҳозларини ўзларининг меҳнати, ҳаракати билан олишган, шунинг учун уларнинг қадрига етганлар. Умумтаълим мактабларида оилавий ҳаёт этикаси ва психологияси, оилавий ҳаёт этикаси ва педагогикаси каби оила билан боғлиқ фанларнинг ўтилиши мақсадга мувофиқдир. Агар биз қизларга ҳам, ўғил болаларга ҳам ёшлигидан оилавий турмуш тўғрисида илк тушунчаларни, жинсий тарбияни берсак, турли хил нохуш холатларнинг олдини олган бўламиз. Аёлларнинг жиноятга қўл уришлари ҳам оиладаги унга берилган тарбиянинг етарли бўлмаганлиги, ироданинг кучсизлигида деб ўйлайман.

Кўриниб турибдики, «Оила»  илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига катта муаммоларни ҳал этиш вазифаси юкланган. Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунда шунга яраша ёш ва  истиқболли кадрлар  авлоди мавжудми? Мавжуд кадрлар салоҳиятини тубдан яхшилаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Тўғри, «Оила»  илмий-амалий тадқиқот маркази зиммасига катта муаммоларни ҳал этиш вазифаси юкланган. Оилаларнинг турлари жуда кўп, жумладан, намунали, тўлиқ, нотўлиқ, ночор, номақбул, камбағал, кам таъминланган, миллатига кўра, кўп фарзандлилик даражасига кўра ва ҳоказо. Оиланинг тинчлиги ана шу оилада яшовчи катталарга, ота-она, қайнона-қайноталарга боғлиқ. Қайнона янги келинни ўз фарзандидек қабул қилса, унинг ёшлигини ҳисобга олиб, ўз тажрибасини унга ўргатса, камчиликларини кечириб борса ёш оила мустаҳкам бўлиб боради. Оилалардаги ажралишларнинг кўпайиб бораётганлиги, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан ногирон фарзандлар туғилишининг учраши, оила аъзоларининг мулоқотдан қониқмаётганлиги, эрта турмуш қуриш холатларининг ҳали ҳам учраётганлиги, оила аъзолари, ҳатто катталар ҳам  оиланинг муқаддаслигини тушунмаслиги, оилавий можароларга юзаки қараётганлиги, аёллар ва қизларда ҳаё, ибо, андиша, номус каби ўзбекона фазилатлар камайиб кетаётганлиги ташвишли. Мана шу муаммоларни ечиш учун ҳам Президентимиз томонидан «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Ҳозирги  кунда республика олий ўқув юртларида педагогика ва психология, психология, ижтимоий иш каби йўналишларда бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Оиланинг  долзарб муаммоларини ҳал қилиш, замонавий, намунали оилалар сонини кўпайтириш, оилалардаги ажралишларнинг олдини олиш, оиланинг ижтимоий-психологик муҳитини яхшилаш  ана шу ёш ва  истиқболли кадрлар фаолиятига боғлиқ.

— «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилгандан буён  маълум муддат ўтди. Шу қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларни қиёслаб қандай хулосалар чиқариш мумкин: оила институтининг  жамият равнақидаги ўрни ва аҳамияти ҳақиқатдан ҳам юксалмоқдами?

— Бир ойдан ортиқ ўтган муддат мобайнида марказ  томонидан бир талай ишлар амалга оширилди. Республика «Оила» илмий-амалий маркази мутахассисларининг кўрсатмаларига асосланган ҳолда Низом, йўл харитаси, чора-тадбирлар режаси тузилди. Оилаларнинг таснифи таҳлил қилинди. Унга кўра ажралиш арафасида турган оилалар, ночор оилалар, номақбул оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, қисқаси инқирозга юз тутган оилалар аниқланди. Марказнинг барча мутахассислари томонидан ана шундай оилаларнинг ҳар бир тури билан алоҳида-алоҳида фаолият олиб борилмоқда. Хотин-қизлар қўмиталари, МФЙлар мутахассислари, соғлиқни сақлаш, Ички ишлар бошқармалари, Ёшлар иттифоқи, оммавий ахборот воситалари каби ҳамкор ташкилотлар билан бирга амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Авваллари фақатгина хотин-қизлар билан иш олиб борилган бўлса, энди  «Оила» марказида барча оила аъзолари, жумладан, катталар, эркаклар, ёшлар, кексалар билан иш олиб борилади. Бизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса ночор оилаларнинг муаммоларини ҳал қилиб, ўртаҳол оилалар даражасига, ундан сўнг замонавий, намунали оилалар даражасига кўтариш, барча оилаларнинг фаровон яшашини таъминлаш, ёшлар, катталар онгига оиланинг муқаддас даргоҳ, мустаҳкам қўрғон эканлигини сингдириш. Бу мақсадга эришиш учун оилалар ўртасида ижтимоий-психологик сўровномалар ўтказишимиз, уларни чуқур таҳлил қилишимиз орқали барча муаммоларни бартараф этиш. Унутмайликки, оила илми – халқимизнинг асрий қадриятлари сарчашмасидир!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

Улашиш