Наманган шаҳрида ўтказилган рейд давомида қандай чора кўрилди?

78

Кейинги қисқа вақт ичида мамлакатимиз худудларини санитария ҳолатини янада яхшилаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар, кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Лекин, мана шундай олиб борилаётган ислоҳотларга қарамай, ҳали-ҳануз фуқароларимиз томонидан белгиланмаган жойларга, айниқса, йўл бўйлари, дуч келган масканларга маиший чиқиндиларни ташлаб кетиш ҳолатлари аниқланмоқда. Биргина, Наманган шаҳрида жорий йилнинг беш ойи мобайнида ўтказилган рейдлар давомида 46 нафар мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралар кўрилди.

Сир эмаски, яшаш хонадонимизда кунига ўрта ҳисобда 5-7 кг атрофида турли маиший чиқинди тўпланиши табиий. Шундай экан, йиғилган  чиқиндиларни махсус, белгиланган йиғиш марказларга ташлансагина мақсадга мувофиқ бўлади. Лекин кунлик кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳали-ҳануз фуқароларимиз томонидан яшаш хонадонидаги чиқиндиларни йўл бўйлари, белгиланмаган жойларга ташлаб кетиш учрамоқда.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспекторлари томонидан бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай  яна йўл бўйига чиқинди ташлаб кетиш ҳолати учраётгани ачинарли.

Жорий йилнинг 12 июнь куни. Соат 22.10 лар. Навоий кўчасида ўтказилган тезкор рейд давомида ўзини Шоҳимардон қўчасида яшовчи деб таништирган фуқаро А. О ўзининг бошқарувидаги автомашинасида 15 қоп маиший чиқиндини ташлаётгани аниқланди.  Ушбу фуқарога нисбатан тегишли чора кўрилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Шунча миқдордаги чиқиндини нега айнан йўл бўйига ташлаб кетилади? Хулоса шуки, рейд давомида аниқланган айрим фуқаролар бундан аввал ҳам чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаб кетишган. Шунга айтишадида, кўза кунида эмас, кунда синади, деб.

Шу ўринда, алоҳида қайд этиш керакки, вилоят “Тоза худуд” давлат унитар корхонасининг Наманган шаҳар филиали томонидан “сигнал” системаси асосида режа-жадвал асосида белгиланган маҳаллаларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Рейд давомида айрим фуқаролар томонидан ҳам кўплаб эътирозлар бўлди. Яъни, маҳалла фуқаролар йиғинига чиқинди учун тўловни амалга оширганмиз. Шунинг учун чиқинди ташлаб кетаверамиз, дея таъкидлашди. Аммо, ҳозирга кунда чиқинди ташилгани учун хизмат ҳақини фақатгина вилоят “Тоза худуд” давлат унитар корхонасининг шаҳар ва туманлар филиаллари, назоратчиларига тўланиши лозим.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бир кунда биргина шаҳримизнинг ўзида 250 тонна атрофида саноат ва маиший чиқинди тўпланади. Уларни ташиш учун махсус транспортлар ажратилган. Шартнома асосида аҳоли хонадонларидан график асосида йиғилган чиқиндилар ҳафтанинг маълум кунларида олиб чиқилиб, махсус полигонларга олиб кетилмоқда. Бу албатта аҳолига қулайлик туғдирмоқда.

Лекин, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаб кетаётган фуқаролар билан суҳбатлашсангиз улар шартнома қилмай, атиги киши бошига белгиланган икки минг сўмни тўлашдан қочиб шундай йўлни тутишмоқда. Ана шундай фуқаролар жаримага тортилаётгани ўзларига зиён эмасми?.

Шундай экан, яна бир бор мана шундай йўл тутмоқчи бўлган фуқароларга эслатиб ўтмоқчимиз. Агар сизлар вилоят “Тоза худуд” давлат унитар корхонаси Наманган шаҳар филиали билан шартнома тузсангиз хизмат кўрсатиш кафолатланади. Бу эса биринчи навбатда яшаш хонадонингизни саранжом саришта бўлиши, қолаверса шаҳримизнинг озодалигига, теварак атроф мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз.

         Баҳодир Жабборов

              Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Намаган шаҳрига бириктирилган  давлат инспектори .

Улашиш