«Адолат»чилар ёшларни тадбиркорликка даъват этмоқдалар

27

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилотлари “2018 йил – фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили доирасида бир қатор тадбирлар ўтказмоқдалар. Айниқса, партиямизнинг “талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси бўйича амалга оширилган ишлар диққатга сазовордир. Куни кеча Наманган ахборот технологмялари ва сервис касб-ҳунар касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Инновацион ғояларни жорий этиш – тараққиёт гарови” мавзусидаги давра суҳбати ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Авазшо Ибрагимов:

— Ёшларни тадбиркорликка янада кўпроқ қизиқтириш ва инновацион технологияларни турли соҳаларда кенг жорий қилишга жалб этиш бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифалардан эканлиги барчага аён. Чунки шу йўл билан тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш мумкин. Мазкур тадбирни партия вилоят кенгаши  Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бош бошқармаси билан ҳамкорликда  ташкил этди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар ва туман кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, фаоллар, “Ёш адолатчи”лар қаноти кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев  очиб берар экан,   ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, халқимизнинг эртанги кунга ишончини кучайтиришда, ўқувчи ва талабаларнинг инновацион ғоялар ва технологиялардан унумли фойдаланишларини рағбатлантириш катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев, Марказий банк вилоят бош бошқармаси мутахассиси Алишер Мамажонов, Чуст туман партия кенгашининг раиси Содиқжон Аҳмедов ва бошқалар  мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил фикр юритдилар. Нотиқлар ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги биринчи навбатда, замонавий, мунтазам янгиланиб турган технологияларни ўзлаштиришга қодир юксак билимли ва интизомли ишчи кучини мунтазам тайёрлашга боғлиқлигини қайд этдилар. Шунинг учун  тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган йигит-қизларни  бу соҳага жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Айни пайтда банк муассасаларининг фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжудлиги, улар ҳали тадбиркорларнинг ишончли таянчига айланмагани таъкидланди. Хусусан, аҳолига оилавий ва кичик бизнесни йўлга қўйишда кредитлар олиш қийинлиги, бу борада қоғозбозлик ва тўрачилик ҳолатлари мавжудлиги тилга олинди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.

Тадбир сўнгида энг яхши лойиҳаларни ишлаб чиққан ва тақдим этган ёш инноваторлар  партия вилоят кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот хизмати.

 

 

 

Улашиш