«Бир чойнак чой наҳот 1000 сўмга чиқиб кетса…?»

62

«Сен менга тегма, мен сенга  тегмай», «Нима бўлса бўлар, менга нима. Ўзим тинч бўлсам бўлди-да», – ақидаси билан яшайдиганлар орамизда кўп. Бундайларни лоқайдлар дейиладими ёки бепарволарми, барибир, ким деб аталган тақдирда ҳам бу каби тоифалар жамиятдаги кўплаб иллатларнинг ривожланишига, урчиб кетишига сабабчидирлар. Аммо уларнинг акси бўлмиш атрофдаги ҳар бир воқеликка, янгиликка  таҳлилий ва танқидий кўз билан қарайдиганлар – рости гап – ҳаммага ҳам ёқавермаслиги мумкин. Бироқ мана шундай инсонларнинг борлиги, фикр-мулоҳазаси озми-кўпми тараққиётни олдинга силжитиши, катта-кичик кресло эгаларини сал бўлса-да ҳушёр торттириши аниқ.

Таҳририятимизга икки мўйсафид отахон кириб келишди. Уларнинг қиёфасидан зиёли эканлиги, ҳаётнинг анча-мунча чиғи-риқларидан ўтганликлари билиниб турибди. Улар ўзларини таништиришди: Турсунбой Саломов – касби архитектор, Шуҳратжон Ботиров – муҳандис. Нафақадаги архитектор ва муҳандислар Наманган шаҳридаги Алпомиш маҳалласида истиқомат қилишади. Икковиларининг ёшлари  етмиш беш атрофида.

Бу икки оғайни отахонни газетага етаклаган муаммо – шаҳримиздаги  «тишга тегаётган» айрим асаббузарликлар, камчиликлар. Улар аста мақсад, муддаоларини баён эта бошлашди:

– Ҳар куни телевизор орқали Аллоҳ умрини узун, тани жонини соғ қилгур Президентимизнинг олиб бораётган ишларини, жойларга ташрифларини, кўзлаётган оламшумул режаларини кўриб, билиб турибмиз. Фақат дуо қиламиз. Аммо қуйида у кишининг айтган гаплари жуда секинлик билан бўляпти-ёв. Маҳаллий раҳбарларнинг айримлари ё бепарво ёки чин юракдан ишлашни хоҳламайди.

Биз гапирмоқчи бўлган муаммолар аслида майда-чуйдалар ҳисобланади. Уни тўғрилаш учун давлатдан бир сўм кетмайди. Фақат ички назорат, фуқароларда ўз ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан талабчанлик ва мутасаддиларда жиндек эътибор бўлса етарли.

Гапни бир чойнак чойдан бошласак. Агар хабарингиз бўлса, икки-уч ойдан буён ошхона ва чойхоналарда бир чойнак чойнинг нархи 500 сўмдан 1000 сўмга чиқиб қолди. Биров индамайди, бироқ кўпчилик ичидан оғринган. Бунинг сабабини ҳеч ким тушунтирмайди. Ахир  бозордаги энг яхши қуруқ чойнинг килоси 30 минг сўм бўлган тақдирда, ундан 300 та чойнакда чой дамлаш мумкин бўлганда – бу чойхўрлар ҳақига хиёнат эмасми? Ҳамма ўзича хоҳлаган нархини қўяверса бу адолатданми? Электр билан сувнинг нархи фалон фоизга ошиб кетмагандир?

Шу масала бўйича солиқ идораларига учрадик.  Улардан эшитган жавобимиз ғалати бўлди: «Тадбиркорга тегиб бўлмайди» эмиш. Қизиқ. Ўзи югуриб-елмай, яратмай, ишлаб чиқармай туриб, ўтирган жойида чой дамлаб сотаётганни ҳам «тадбиркор» деб бўладими?

Кейинги масала ичимлик суви хусусида. Биз ичимлик суви ҳисоблагичини давлат стандартидан ўтказиб, яроқлилиги тўғрисида маълумотнома олсак-да, бу «Сувоқава»дагиларга ўтмаяпти. Улар аҳолидан янги ҳисоблагич олишни талаб этяптилар. Жойларда қувурлар тешилиб, тоза сув деганлари  беҳуда оқиб ётганини кўрамиз. Бизнингча, увол бўлаётган оби ҳаётнинг ҳаққини ҳам халқ елкасига юкламаяптилармикан, деган шубҳа туғилади. Кейинги пайтда «Сувоқава» ташкилоти фаолиятидан аҳолида шикоят кўпайганлиги ҳам рост.

Бозорлар хусусида ҳам икки оғиз. Биз фаолият юритган ўтган асрнинг 60-йилларида Наманган шаҳрида 109 минг аҳоли бор эди. Шунча аҳолига шаҳарнинг етти жойида еттита колхоз бозори бўлган. Жумладан, Испархон, Заркент, Кўприкбоши, Курашхона, вокзал, Чорсуда. Ҳозир шаҳримизда 600 мингдан ошиқ одам яшаса-да, асосан деҳқон бозори Чорсу ва Сардоба бўлиб, бу ердаги доимий тирбандликдан бошингиз айланади. Қани энди ҳар бир даҳанинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи ўз бозори бўлса, улардаги нарх-наволарнинг барқарорлиги назорат қилиб турилса – халқ шаҳар марказига ёпирилавермасмиди?

Ғашимизга тегаётган навбатдаги нарса – йўналишлардаги автобусларнинг белгиланган бекатда эмас, қўл кўтарган ҳар қадамдаги одамга тўхтайверишидир. Одамлар шунчалик эркатой бўлиб кетишганки, ўн метр наридаги автобус бекатига боргилари келмайди. Ахир автобуснинг обрўйи қани? Йўловчилар хоҳламаяптими, демак, автобус ҳайдовчиси уларга йўловчилик маданиятини тушунтириб қўйиши лозим!

Яна бир гап. Давлат идоралари халқ учун хизмат қилади, деб ай-тиляпти. Жуда кўп идора ва ташкилотларга у-бу баҳона боришга тўғри келади. Биласизми, аксарият ҳашаматли биноларнинг  маҳобатли кириш йўлаклари берк. Орқадан айланиб ўтилади. Бу дарвозалар ким учун қурилган, меҳмонлар учунми? Бундай ҳолни таълим муассасаларида ҳам учратасиз. Худди ўнг қулоқни чап қўл билан ушлагандай.

Ёшимиз бир жойга бориб қолган бўлса-да, Худога шукур, куч-қувватимиз, ақлу ҳушимиз жойида. Жамиятдан узилиб қолгимиз келмайди. Ҳамма нарса намунали, атроф гўзал ва озода, одамлар маданиятли, оқибатли бўлсин, деймиз. Икки ошна тез-тез шаҳримиз кўчаларини пиёда айланамиз. Рўй бераётган ўзгаришлардан кўзимиз қувнайди. Майда-чуйда камчилик-лардан ранжиймиз. Худди шундай пайтда аҳоли гавжум жойларида ўтириб, дам олгимиз, нафас ростлагимиз келади. Аммо ўтирай десангиз биронта ўриндиқ тополмайсиз. Авваллари гулхона атрофларида, хиёбонларда, иморатлар олдиларида шундай ўриндиқлар қатор-қатор бўлгувчи эди. Кимнингдир кўзига хунук кўринган шекилли, ҳаммаси олиб ташланган.

Яна таъкидлаймиз, Президентимиз мамлакатимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлиги учун тинимсиз ишлаяпти, жон куйдиряпти. Қани энди ҳар бир фуқарода ҳам у кишиникидай ғайрат-шижоат бўлса экан? Биз ҳам Юртбошимизга қанчалик хайрихоҳ бўлмайлик, амалда тузукроқ ёрдам беролмаётганимиздан уялмоқдамиз. Жамият ҳаётида назорат мустаҳкам, виждоний поклик бўлса – ўша ерда тартиб-интизом, файз-барака бўлади. Мана шу гапларимизни оқизмай-томизмай газетангизга ёзиб чиқинг қизим. Зораки, бир чойнак чойни 1000 сўмга пуллаётганлар ҳам ўқиб, инсофга келиб қолишса…

Отахонлар билан

Рислиқхон МАЖНУНОВА

суҳбатлашди.

Манба: «Наманган ҳақиқати» газетаси.

Улашиш