“Энг истеъдодли китобхон” кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичи ғолиблари тақдирланди

75

Наманганда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Энг истеъдодли китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, матбуот ва ахборот бошқармалари, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 12 нафар ўқувчи китобхонлик маданияти бўйича ўзаро баҳслашди.

Танлов иштирокчилари тегишли низомга мувофиқ, ижтимоий ва сиёсий соҳалар, бадиий китоблар, шеърият, китоблар тавсия қилиш борасидаги билимларини синовдан ўтказди.

10.jpg

– Китобхонлик маданияти ва кўникмасини шакллантиришда китоб тарғиботи муҳим роль ўйнайди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Ш.Тошбекова. – Танлов иштирокчилари томонидан мазмуни ҳақида маълумот берилган кўплаб китобларни бу ерга йиғилганлар топиб ўқиш ҳаракатига тушиб қолишига асло шубҳа йўқ. Сабаби “Мен тавсия қиладиган китоб” номинациясида нафақат китоб ёки унинг муаллифининг номи келтирилди, балки ўқувчилар томонидан асарнинг лейтмотиви ўзига хос тарзда тушунтириб берилди.

Ўқувчиларнинг бадиий китоб ўқишга қизиқишини ошириш, ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳамда уларнинг намояндалари ҳақидаги билимларини бойитиш, дунёқараш ва маънавиятини тўғри шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган танлов якунига кўра, Наманган маданият коллежи ўқувчиси А.Равшанова биринчи, Учқўрғон педагогика коллежи ўқувчиси Н.Яҳёпўлатова иккинчи, Норин академик лицейи ўқувчиси Р.Абдулҳамидова учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар тегишли даражадаги диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш