5 июн Бутун жаҳон Атроф мухитни муҳофаза қилиш куни

81

Бутунжахон атроф мухитни мухофаза қилиш  куни халқаро миқёсда нишонланадиган экологик саналар  орасида мазмуни, мохиятига кўра ўзгача аҳамият касб этади. Мазкур сананинг экологлар байрами, деб аталишининг ўзиёқ унинг экологик тақвимдаги экосаналарнинг асосийси, муқаддимаси  эканлигидан далолат беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрда ўтказилган 27-сессиясида 5 июн Бутун жаҳон Атроф мухитни муҳофаза қилиш куни деб  таъсис этилган. Анжуманда шунингдек, янги ташкилий тузилма  Атроф-мухитмухофазаси бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Дастури ЮНЕПга асос солинган. Шундан бери ЮНЕП раҳбарлигида  ҳар йили бутун жаҳон бўйлаб Атроф мухитни муҳофаза қилиш куни  кенг нишонланади. Нега айнан 5 июнь санаси танланган деган савол туғилади, айнан шу санада Швеция пойтахти СтокгольмдаБирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф мухит масалаларига бағишланган конференцияси ўз ишини бошлаган.

Стокголъм конференцияси якунлари юзасидан қабул қилинган резолюцияга асосан таъсис этилган сана –ер юзида истиқомат қилувчи барча инсонларни атроф мухитни мухофаза қилиш билан боғлиқ фаолиятга жалб этиш, кенг жамоатчилик онги-тафаккурида табиий ресурсларни асраш, улардан оқилона фойдаланиш  орқали табиий бойликларни келгуси авлодларга безавол етказиш маъсулиятини сингдиришга қаратилган.

ЮНЕП томонидан ҳар йили мазкур санани кенг жамоатчиликни  жалб этган холда  юқори савияда ўтказиш учун давра сухбатлари, семинар, оммавий экологик акциялар,  хашарлар, ободонлаштириш ишларини  ўтказиб келинади. Бу йил хам Экохафталик эълон қилиниб мамлакатимизнинг барча худудларида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бутунжахон атроф мухитни мухофаза қилиш  куни мазмун моҳиятига кўра, инсоният олдида турган кенг кўламли ва чуқур  илдиз отишга  улгурган муаммоларга ечим излашга йўналтирилган сана. Шунинг учун ҳам мазкур санани фақатгина бир кун мобайнида нишонлаш, унинг мақсад ва вазифаларини биргина5 июнбилан чегаралаш у қадар хам мақсадга мувофиқ эмас. Эҳтимол шу сабабдан  ҳам Ўзбекистонда Бутунжахон атроф муҳит кунини кенг нишонлаш анъанага айланиб бораётгани, мазкур санани муносиб нишонлашга кун эмас, ҳафталар белгиланаётганлиги хеч кимга сир эмас.

Фан-техника тараққиёти, демографик жараёнлар, глобал иқлим ўзгариши каби бир қатор омиллар туфайли тобора жиддий тус олиб бораётган экологик муаммолар бугун жаҳон ҳамжамиятини асосли равишда ташвишга солмоқда. Кейинги йилларда бу муаммоларни бартараф этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга дунё бўйича катта маблағлар йўналтирилиб, назарий ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Бу борада мамлакатимизда ҳам кенг кўламдаги ислохотлар амалга оширилиб, ерости ва ер усти бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси Конституциямизнинг алоҳида банди, шунингдек бир қатор тегишли қонунлар билан давлат муҳофазасига олиниб, улардан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлаб келгуси авлодларга ҳам етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза килиш соҳасида давлат бошкарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5024-сонли Фармони, “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2915-сонли ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2916-сонли қарорлари қабул қилиниб, экология
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштирилди.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, табиатни муҳофаза қилиш соҳасига оид қатор Қонун ва қонуности меъёрий хужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг чиқиндилар билан боғлиқ жавобгарлик ҳамда ер ости бойликларидан фойдаланишни тартибга солувчи хуқуқбузарликлар учун чоралар кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 368-сонли қарорига асосан, Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2017 йил 25 сентябрда “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириши чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3286-сонли қарори қабул қилиниб,  қарор ижроси юзасидан вилоят худудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанларидан кенг тарқалган қазилма бойликларини ковлаш ҳамда қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини хамкор ташкилотлар билан тартибга солиш борасида назорат ишлари олиб борилмоқда.

Юқорида қабул қилинган Фармон ва қарорларни ижросини таъминланиши, уларда белгиланган вазифаларни натижадорлиги бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ҳузурида 2018 йил             2 февралда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг  хисоботи эштилди.

Ушбу йиғилишда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ва вилоятлар бошқармаси бошлиқларининг вилоят, туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларида ҳисобот бериш амалиёти жорий этилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокимининг Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманларининг сессияларида эколгия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш жадвали тасдиқланди.

Тасдиқланган режа-жадвалга асосан бошқарма томонидан жоирй йилда Наманган шахар, Учқўрғон, Косонсой, Наманган, Норин туманлари Халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида Наманган вилоят Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жумладан, вилоятда сув ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солиш борасида шунингдек, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар, атроф-муҳитини асраб-авайлаш, унинг табиий бойликларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, атмосфера ҳавоси ва сув объектларининг ифлосланиши, тупроқ деградацияси ва бошқа омилларни аҳоли саломатлигига таъсирини камайтиришга қаратилган назорат ва профилактик тушунтириш ишлари юзасидан хисоботлар берилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маълумки, Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминланганлиги даражасини ошириш, шунингдек, экологик муаммоларни ҳал этишдаги мавжуд имкониятларни ишга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3730-сонли қарори қабул қилинди.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш фаолиятини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳудудларини тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида чиқинди тўплаш шахобчаларида лозим даражадаги тозаликни таъминлаш, шунингдек, маиший чиқиндиларни мустақил равишда саралаш шарти билан танлов асосида бириктириб берилиши, ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш материалларини йиғиш ва ваколатли органлар билан келишиш тартиб-тамоиллари автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши ва унинг “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига интеграция қилиниши; жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари оммавий шартномалар асосида кўрсатилиши белгилаб қўйилди.

-Мен яъна бир муҳим манбааларга эътиборингизни қаратишни ҳоҳлардим.

Фарғона водийсида Наманган вилояти ноёб набобот ва ҳайвонот олами, сув ҳавзалари, муътадил иқлими билан   мамлакатимизнинг экологик бой ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоятдаги очик сув ҳавзаларида жумладан, Норин, Қорадарё ва Сирдарё дарёлари соҳилларида оқ лайлак, ўрдакларнинг бир неча тури,  тоғолди ҳудудларида бойўғли, бургут, сор, қирғий, бедана, тоғ товуғи, каклик, тустовуқ, тўқайзорларда фазан, қумри каби паррандалар яшайди.

Шунингдек, мазкур ҳудудларда балиқларнинг туркистон мўйловлиси, сазан, оқ амур, дўнгпешона, карас, хонбалик, илонбош каби турлари,  ноёб ҳайвонлардан айиқ, бўри, тулки, чиябўри, жайра, ёввойи қуён, суғур, бўрсик, ондатра ва бошқа ҳар хил сув каламушларини кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг яшаб, кўпайишлари учун табиий қулай шарт-шароитлар мавжуд.

Оқ лайлак жуда ноёб парранда бўлиб, таъбир жоиз бўлса экологик индикатор сифатида табиатнинг энг мусаффо, нисбатан хавфсиз жойларини макон тутади. Бу парранданинг вилоятимизда мавжудлиги Сирдарё дарёсининг вилоятимиздан ўтган энг узун 170 қилометрдан зиёдроқ қисмида олиб борилаётган муҳофаза ишларининг самарадорлигини кўрсатади.

Бундан ташқари вилоят турфа ўсимлик дунёсига ҳам эга бўлиб, Поп тумани “Абу Али Ибн Сино” ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг тоғли ҳудудларида  арчалар, ёнгоқ, олма, нок, дўлана, наматак, чаканда сингари мевали ва манзарали дарахтлар, кийикўт, далачой, ковул, маврак ва бошқа кўплаб турдаги доривор ўсимликлар табиий ҳолда ўсиб ётади.

Марказий Фарғона чўлларида ястанган қумликларда эса оқ ва қора саксавул, черкес, қандим, астрагаль, солянка каби ўта муҳим ахамиятга эга бўлган чўл ўсимликлари мавжуд. Шунингдек, бу ҳудудларда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонлардан эчкимар, силлик геккон, ўқилон, қизил тулки, чиябўриларни учратиш мумкин.

Поп туманидаги “Абу Али Ибн Сино” номли ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида доривор ўсимликларни етиштириш бўйича 68,3 га ер майдонларида 24 турдаги доривор ўсимликлар етиштирилиб, фармацевтика корхоналарига етказиб берилди.

Вилоятдаги ўрмон хўжаликлари томонидан 42,4 гектар ер майдонларида мевали, манзарали ва тез ўсувчи терак кўчатлари экилиб, ўрмонзорлар барпо этилди шунингдек, Косонсой ўрмон хўжалигида 40  га ер майдонларида 18 минг дона писта дарахти  кўчатлари экилиб, парвариш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни кўпайтириш ва уларни сақлаш бўйича Учқўрғон тумани “Барака мева саноат сервис” МЧЖ га ёввойи ҳолда ўсувчи 200 тн. ковул (каперсы) ўсимлиги ғунчаларини республикамизнинг адирли худудларидан териб олиш ва экспорт қилиш учун рухсатнома олишга кўмаклашилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновични экотуризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ташаббуслари доирасида Наманган вилоятида туризм соҳаси ва инфратузилмасини ривожлантириш,  вилоятнинг  салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда туристик маршрутларни ташкил этиш бўйичаЯнгиқўрғон туманининг юқори худудида жумладан, Нанай қишлоғига чет эл инвестицияси киритилиши эвазига лойиҳа смета хужжатлари ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, Чортоқ тумани “Чортоқ” ва “Гулшан” сиҳатгохларида табиий минерал сувларида даволаниш, “Балиқкўл” ва “Сутли булоқ зиёратгоҳлари;

— Косонсой туманидаги “Косонсой” ва “Фахрийлар сиҳатгохи”, “Олмазор” болалар оромгоҳи маданий дам олиш масканлари, тумандаги Маданият ва истироҳат боғидаги1000 ёшга тўлган “Улуғчинор” ва “Муғ” қалъаси тарихий ёдгорлиги;

— Чуст тумани Маданият ва истироҳат боғи, “Боғишамол” ва Ғова” маданий дам олиш  масканлари;

— Норин тумани “Учтепа” қишлоғидаги табиий “Булоқмозор бува” зиёратгоҳи;

— Учқўрғон тумани “Ниҳол” сиҳатгохи;

— Тўрақўрғон тумани “Шаҳанд” сиҳатгоҳи, “Ахсикент” тарихий ёдгорликларидан экотуризм обьектлари сифатида янги туристик маршрутлар ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда мавжуд ноёб ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳамда табиий бойликларни муҳофаза қилиш борасидаҚўмита томонидан изчил назорат ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Вилоят ҳудудидан Қорадарё, Сирдарё ва Норин дарёлари,  оқиб ўтади. Шунингдек Катта Наманган Магистрал Канали,  Шимолий Фарғона Магистрал Канали, Охунбобоев номли канал, Косонсой сойи, Намангансой сойи, Чортоқсой сойлари ва Кўктераксой, Резаксой, Эскиер, Чорток, Ертикан йирик сув ва сел йиғиш омборлари вилоятнинг экомувозанатида муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида» ги Қонунлар талаблари асосида давлат назоратини олиб бориш билан бирга қирғоқ минтақа ер майдонларига ҳар хил чиқиндиларни ташлаш ва сувга салбиий таъсир кўрсатувчи объектларни қурилишига йўл қўйилмаяпти. Жумладан, хўжалик юритувчи субъектларнингқурилиши режалаштирилган обьектларини атроф муҳитга таъсири бўйича фаолиятининг экологик талабларига мувофиқлиги юзасидан 1,5 мингдан зиёд лойиҳа ҳужжатлари давлат экологик экспертизасидан ўтказилди.

Тегишли Назорат органлари билан хамкорликда атмосфера ҳавоси, ер, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, атроф-муҳит ифлосланишини ҳамда қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида 700 тадан ортиқ тезкор назорат тадбирлари амалга оширилди.

Ўтказилган рейдларда 762 та мансабдор шаҳс ва фуқаролар томонидан табиатни муҳофаза қилишга оид қонунлар талабларни бузиш ҳолатлари аниқланиб, хуқуқбузарларга нисбатан 140,6 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар солиниб, ундириб олинди.

Аҳолини экология билим ва маданиятини янада юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида оммавий ахборот воситалари билан кенг кўламдаги хамкорликда иш ташкил этилиб, амалга оширилган ишлар юзасидан радио ва телевиденияда 230 тадан, рўзномаларда 150 тадан зиёд мақолалар билан чиқишлар қилинди.

Шунингдек, ёшларни экологик билимларини ошириш мақсадида олий, ўрта махсус ва халқ таълими муассасаларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш юзасидан 150 дан ортиқ учрашув, семинар, таълим муассаларида очиқ дарслар, семинар тренинглар ўтказилди.

Жаннатмакон юртимизнинг табиати бетакрор бўлиб, шароити эса хаёт кечиришимиз учун жуда хам бой экологик имкониятларга эгадир. Гарчи шундай экан, диёримизнинг хар-бир фуқароси она табиатимизни кўз қорачиғидек асраши, унинг экологик ҳолатини янада яхшилашга масъуллигини доимо хис қилиб туриши хамда келгуси авлодга экологик мусаффо муҳитни яратишда куч ва ғайратимизни аямаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб Сизларни 5 июн Бутунжахон атроф мухит куни билан табриклаб, она табиатимизни асраб авайлаш, мусаффолигини таъминлашдаюртимизни равнақи учун билим ва салоҳиятингизни сафарбар қилган ҳолдахамкорликда фаолият олиб боришга чорлайман.

М. Апақов Наманган вилоят экология ва атроф-мухитни мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғи

Улашиш