Ибратнинг муносиб издоши

1172

Генетика – ирсиятнинг бир қонунияти бор: ер юзидаги барча мавжудотнинг туғма хусусиятлари – фазилат ёки қусурлари ДНК молекуляр занжири орқали кейинги авлодларнинг қай бирида бўлсин, албатта, такроран яна юзага чиқади, асло йўқ бўлиб кетмайди.

Бугун ўзбек ёшлари дунёнинг турли давлатлари, жумладан, энг тараққий топган мамлакатларда нафақат ўқиётгани, балки, нуфузли университетларда дарс бераётгани, йирик компаниялар бошқарув тизимида ишлаётгани ана шу қонуният аксиомаси, десак муболаға бўлмайди. Зеро, биз кўплаб табиий ва аниқ фанлар пойдеворига тамал тошини қўйган ва дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг авлодларимиз.

Алишер Дедахонов ғурур ва ифтихорга муносиб шундай ёшлардан биридир. Унинг бир неча тилларни мукаммал билиши, иқтисодиёт ва инновация йўналишларида илмий изланаётгани, ўз соҳасида муваффақиятларга эришаётганини назарда тутиб уни улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибратнинг муносиб издоши дейиш мумкин.

Наманган шаҳрида зиёли оилада туғилиб ўсган Алишер Дедахонов эндигина ўттиз тўрт баҳорни қаршилаётган бўлсада илм-фанда ёшига нисбатан салмоқли йўлни босиб ўтди.

Алишер Тошкент давлат шарқшунослик институтини битиргач, Жанубий Кореянинг Ёнгнам университетида бизнес бошқаруви йўналишида таҳсил олди ҳамда магистр даражасига эга бўлди. Магистратурадан кейин докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб 30 ёшида PhD (Фалсафа доктори) даражасига сазовор бўлди.

Алишер ёшлигиданоқ хорижий тилларни тиришқоқлик билан ўрганди. Ҳозир у инглиз, корейс, рус, турк тилларини ўз она тилидан кам даражада билмайди. Ёш олим Ёнгнам университетида АҚШ, Хитой, Япония, Франция, Польша, Голландия, Африка, Ҳиндистон, Покистон, Тожикистон, Австралия, Сингапур каби ўндан ортиқ давлатлардан келиб таҳсил олаётган турли миллат вакилларига бизнес бошқаруви йўналишидан таълим бермокда.

Алишер Дедахоновнинг АҚШ, Англия, Янги Зеландия, Канада, Жанубий Корея ва Норвегиядаги “Social Sciences Citation index” (SSCI) рўйхатида юритиладиган “Personnel Review”, “Manаgemant Decision”, “Managerial Psychology”, “Career Development International”, “European Planning Studies” каби нуфузли журналларда бизнес корхоналарини бошқарув услуби ва ходимларнинг креативлиги, бизнес корхоналарнинг инновацион фаолиятига таъсир қилувчи омиллар каби бир қатор долзарб мавзуларда чоп этилган ўндан ортиқ илмий мақоласи муҳим аҳамияти ва мазмун-моҳияти билан халқаро илм-фан жамоатчилиги эътиборини ўзига тортди. Айникса, Японияда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманда Алишер Дедахонов ўз мутахассислиги бўйича дунё олимлари эътирофини қозонди.

Ёнгнам университети профессори, изланувчан ёш олим Алишер Дедахонов якинда “Marquis Whos Who in the World” (Маркуис Ким аслида Ким) нуфузли мукофотига сазовор бўлди.

Marquis Whos Who – қисқача таржимаи ҳолларни ўзида мужассам қилган АҚШнинг қатор каталогларининг нуфузли нашри ҳисобланади. Мазкур каталогдан дунёдаги бизнес, юриспруденция, фан, тиббиёт, санъат, бошқарув ва шу каби бошқа соҳаларнинг юқори малакали етакчи мутахассислари ўрин олган.

Бундан ташқари, Алишер Ёнгнам университети бўйича ҳар семестр охирида талабалар томонидан професссор-ўқитувчиларнинг дарс бериш маҳоратини баҳолаш рейтинги кўрсаткичида 885 нафар профессор- ўқитувчилар орасида таълим бериш бўйича энг кучли 5 фоизлик профессорлар қаторидан ўрин олди.

Алишер ўзи ёш бўлишига қарамасдан ҳозирда уч нафар докторант, 4 нафар магистрга илмий раҳбарлик қилмоқда. У шогирдларига ўзининг илмий тажрибаси орқали бизнес бошқарувида илмий мақола ва диссертация ёзиш сирларини ўргатмоқда.

– Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифларини Жанубий Кореядан туриб ижтимоий тармоқлар орқали зўр қизиқиш билан кузатиб бордим, – дейди А.Дедахонов биз билан телефон орқали суҳбатда. – Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизда саноат, бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигида инновацион технология қўллаган ёш олимнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратгани, айниқса, мени қувонтирди. Жанубий Кореянинг “Hyundai” автомобилларини Наманганда ишлаб чиқариш, туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар, Наманган шаҳридаги давлат хизматлари маркази ҳамда Тўрақўрғонда хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган Ибрат мактаби ташкил қилингани ҳақидаги хушхабарлар она юртимизда таъбир жоиз бўлса, янги бир уйғониш даври бошланганидан далолат беради. Мен ҳам келажакда Ўзбекистонимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қиладиган лойиҳалар билан ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
Улашиш