Заковат ва маҳорат кўриги

30

Мамлакатимизда ёшларнинг чуқур билим олишлари ва ўз қобилият ҳамда истеъдодларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ўтказилаётган қатор кўрик-танловларда эса улар ичидан энг билимдон, изланувчан, тадбиркор ва ташаббускор, инновацион ғоялар яратиш бобида тенқурларига намуна бўлаётган йигит-қизлар танлаб олинмоқда. Бинобарин, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси мажлислар залида кечган “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” кўрик-танлови иштирокчилари мамлакатимиз миқёсида бўлиб ўтадиган “Ёш мутахассислар бешинчи форуми”да  қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун беллашдилар.

Маълумки, мазкур кўрик-танловнинг биринчи босқичи апрель ойида якунланган бўлиб, унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларида ёш мутахассислар кенг жалб қилинган ҳолда, юқори савияда ташкилланган эди. Вилоят босқичида эса саралаш даврида рақибларига нисбатан устунликларини намоён этган 13 нафар  ёш шифокор янги инновацияларни татбиқ этиш борасидаги ўз лаёқат, қобилият ва маҳоратларини намойиш қилди.

Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси лор врачи Қудрат Раҳмонов, Наманган туманидаги 11-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Ёқубжон Асрақулов, Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси жарроҳи Мадина Хўжамбердиева, Чуст тумани 2-кўп тармоқли марказий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Улуғбек Тўлаганов, Чортоқ туманидаги 51-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Исмоилхон Лутфиллаев, Учқўрғон туманидаги 41-қишлоқ оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Бобурмирза Насибхўжаев, Косонсой туманидаги 2-оила поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Аброржон Қаюмов, Мингбулоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиника иммунологи Файзулло Алибоев, Норин туманидаги Сирмоқ қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Муҳиддин Низомов, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси анестезиологи Маъмуржон Мирзаназаров, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-лаборант-эпидемиологи Фаррухбек Абдухалилов, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими врачи Мухторбек Турсунпўлатов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали қон томир жарроҳи Сардор Мамажоновлар томонидан тайёрланган тақдимотлар бугунги кунда тиббиёт соҳаси олдида турган ғоят муҳим муаммо ва вазифаларга қаратилди.

  • Кўрик-танлов Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2018 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури ҳамда бошқа келишув ҳужжатлари асосида соҳада меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, шифокорлик касби нуфузини ошириш, ёш шифокорлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш ҳамда иқтидорли йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда,-дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев.

Ҳар бир қатнашчининг чиқиши зўр қизиқиш билан кузатиб борилди. Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси жарроҳи Мадина Хўжамбердиева турли касалликларни арматерапия усули билан даволаш, Норин туманидаги Сирмоқ қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Муҳиддин Низомов кам таъминланган оилалардаги беморларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими врачи Мухторбек Турсунпўлатов шошилинч тиббий хизматни жадал ривожлантиришга оид ғояларини талқин этдилар.

  • Ватанимиз табиати доривор гиёҳларга тўла. Айниқса, гул ва хушбўй ҳид тарқатувчи ўсимликларнинг минглаб турлари мавжуд. Уларнинг, жумладан, райҳон, раъногул, герен ва лаванданинг муаттар бўйи билан қанчадан қанча хасталикларга барҳам берса бўлади. Мен бу янгиликни 200 нафардан зиёд беморда синаб кўрдим. Натижаси жуда ҳам яхши бўлди,- дейди Мадина Хўжамбердиева.

РШТЁИМ Наманган филиали вакили Сардор Мамажоновнинг Россия тиббиёт олийгоҳларида қўлланилаётган илғор тажрибаларни Наманганда амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистонда етишиб чиқаётган мутахасислар нуфузи, малакаю маҳорати жиҳатидан ривожланган давлатлардаги тенгдошларидан ҳам устун эканликларини кўрсатди. У тақдимот пайтида Наманганда жорий қилган янги мураккаб амалиётлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

  • Давлатимиз томонидан яратиб қўйилган беқиёс икониятлар ўз маҳсулини бермоқда. Соҳага билимдон ва юксак технологияларни ўзлаштирган ёш авлод дадил кириб келяпти. Бугунги тадбирда қатнашган ёш шифокорларнинг қатъият, шижоат, ишонч билан изланаётганликларини кўриб қувондик, — дейди тиббиёт фахрийси Зарифа Қосимова.

Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси лор врачи Қудрат Раҳмонов татбиқ этаётган инновацион лойиҳа эса бурун касалликларини самарали даволашда ва витилиго  хасталигидан азият чекаётган инсонларнинг орзусини ушалтиришда ижобий самара бериши мумкин.

  • Юқори нафас йўлларида учрайдиган бурун ёндош бўшлиғи касалликлари кўп учрамоқда. Улар яллиғланишлар ва аллергия сабабли келиб чиқмоқда. Бу касалликка қарши амалиётлар ўтказиб келмоқдаман. Янги усул самараси ўлароқ бирорта беморда касаллик қайталанмади,-дейди Қудрат Раҳмонов.

Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-лаборант-эпидемиологи Фаррухбек Абдухалилов эса онкологик касалликларни барвақт аниқлашда замонавий технологияларни қўллашга оид тақдимотини инглиз тилида ифодалаганида олқишлар янгради.

— Ҳозирги пайтда онкологик ва юрак хасталикларига дучор бўлганлар оз эмас. Уларнинг олдини олишда мазкур касалликларни барвақт аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Замонавий тиббиётда бунга тўла эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам лаборатория текширувларига алоҳида эътибор қаратиш керак. Мен юқори аниқликда маълумот бера оладиган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш масаласига устувор аҳамият қаратяпман. Бирламчи тизимда бу каби долзарб технологияларни татбиқ этиш жуда ҳам зарур,- дейди Фаррухбек Абдухалилов.

Тақдимотлар ниҳоясида кўрик-танлоя якунлари чиқарилди. Ҳакамлар ҳайъати 180 балл тўплашга муваффақ бўлган Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-лаборант-эпидемиологи Фаррухбек Абдухалиловни “Йилнинг энг фаол ёш шифокори” деб эълон қилди. Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси лор врачи Қудрат Раҳмонов 174 балл билан    иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринга эса 132 балл йиққан РШТЁИМ Наманган филиали қон томир жарроҳи Сардор Мирзаев лойиқ топилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров кўрик-танлов ғолиб ва совриндорларига дипломлар ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Шундай қилиб, инновацион ғоялари ҳамда илмий ишламалари билан ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган иқтидорли шифокорларнинг янги отряди вакиллари муносиб рағбатлантирилди. Энди навбат “Ёш мутахассислар бешинчи форуми”га.  Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси врач-лаборант-эпидемиологи  Фаррухбек Абдухалилов мамлакат миқёсидаги ушбу нуфузли танловда ҳам юқори натижаларга эришишига тилакдошмиз.

                                                                                                                            Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш