Наманганда “Адиблар хиёбони” бунёд этилди

46
Шу муносабат билан ўтказилган маросим анъанавий машрабхонлик тадбирлари билан бошланди.
Мумтоз адабиётимизнинг йирик намояндаси, оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилган сўлим ва сокин хиёбон эрта тонгдан вилоятнинг давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, шоир-ёзувчилар, олимлар, адабиёт ихлосмандлари, фахрийлар ва ёшлар билан гавжум бўлди.
5.jpg
“Адиблар хиёбони”нинг очилишига бағишланган тадбирда халқимиз маънавий-маърифий сарчашмалари бўлмиш буюк алломаларимиз, миллий тараққиётимиз тарихида муҳим ўрин тутган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг илмий-маданий меросини пухта ўрганиш, ёш авлодни уларга муносиб ворислар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
8.jpg
– Президентимиз томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар Наманганда ҳам ўз ифодасини топаётир, – дейди “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Раупов. – Ўтган йили мана шу хиёбонга оташнафас шоир Бобораҳим Машраб ҳайкали ўрнатилган бўлса, мана бугун бу улуғ зот атрофида Намангандан етишиб чиққан бир қатор фидойи қалам аҳлининг сиймолари жой олди. Энди бу хиёбонда оилавий сайр қилиб юрган ота-онанинг фарзандлари сўровига “Бу Ибрат домла, бу эса Сўфизода, мана буниси Усмон Носир!” деган жавоби мурғак қалбга маърифат уруғини экиш билан баробар бўлади.
17.jpg
Хиёбондаги Бобораҳим Машраб ҳайкали атрофига қўйилган Исҳоқхон Ибрат, Сўфизода, Хилватий, Нодим Намангоний, Усмон Носир, Зафар Диёр, Чустий, Рафиқ Мўмин, Ҳусниддин Шарипов, Ҳабиб Саъдулла бюстлари ўраб қўйилган оқ матолар туширилиб, улар пойига давлат ва жамоат ташкилотлари жамоалари томонидан гуллар қўйилди.
Тадбирда сиймоси “Адиблар хиёбони”дан жой олган адиблар қаламига мансуб шеърлар, улардан илҳомланиб ёзилган ижодий ишлардан намуналар ўқилди. Вилоят мусиқали драма ва комедия театри актёрлари Бобораҳим Машраб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Кўрголи келдим” саҳна асаридан парча намойиш этди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
Улашиш