Учқўрғонда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказмоқда

71

Айни кунларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасалари жамоалари томонидан Учқўрғон туманида кенг қамровли тиббий тадбирлар амалга оширилмоқда. 14 та гуруҳга бўлинган шифокорлар отрядлари барча маҳаллаларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказмоқда. Хонадонма-хонадон юрилиб патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Аҳоли ҳузурида, таълим масканларида эса соғлом турмуш тарғиботига бағишланган давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилмоқда. Бинобарин, туман марказидаги ўйингоҳда уюштирилган “Соғлом турмуш – саломатлик гарови” шиори остидаги соғломлаштириш тадбири кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят Кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида уюштирилган тадбир аввалида туман кўп тармоқли поликлиникаси шифокорлари  меҳнат фахрийлари, аҳоли вакиллари, аёллар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чорлашди. Терапевт, кардиолог, стоматолог, жарроҳ, акушер-гинеколог, окулист ва бошқа тор доирадаги мутахассислар ҳар бир фуқаронинг ҳолатини мукаммал ўрганиб чиқишди. Лаборатория тахлилилари, ультра товуш текширувлари ҳам шу ернинг ўзида олиб борилди.

     Соғлиғини назоратдан ўтказиб кўнгли хотиржам бўлган кишилар биринма кетин давра суҳбатига таклиф этилдилар. Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси ходимлари дастлаб нуронийлар вакиллари билан мулоқот қилишди. Кекса ёшдаги кишиларга соғом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида тушунча берилди.  Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Икромхон Нажмиддиновлар қариялар ҳузурида муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида берган топшириқлари асосида аҳоли ўртасидан соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилиш тарғиботини кучайтириш зарурлиги ҳақида гапирдилар. Айниқса, соғлом овқатланиш ғоят муҳим аҳамият касб этиши хусусида фикр юритилди.

Акция шарофати билан ўйингоҳга келган отахонлар ёшларга ибрат  тариқасида пиёда юриш машқини бажариб бердилар. Тадбирда фаоллик қилган отахон ва онахонларга Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмасининг туҳфалари тарқатилди.

— Инсон учун энг катта бойлик — саломатликдир. Саломатликни сақлаш учун эса соғлом турмуш тарзига риоя этиш керак. Бунинг учун аввало жисмоний фаолликни унутмаслигимиз лозим. Ҳамма касалликлар кам ҳаракатликдан келиб чиқади. Шахсий гигиенани ёдда тутиш керак. Соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилсак эса умримиз янада узаяди. Бугунги лойиҳа бизда катта таассурот қолдирди. Ёшимиз бир жойга бориб қолганига қарамай ўйингоҳда узоқ масофага юриб кўрдик. Ўзимизни яхши ҳис қилдик. Бундан кейин ҳам соғлом бўлиш учун интиламиз, қолаверса оиламиз аъзоларини ҳам бунга даъват қиламиз. Набираларимизни ҳам соғлом ҳаётга ўргатамиз. Қачонки, халқ соғлом бўлса, миллат саломат бўлади. Соғлом халқ, соғлом миллат эса буюк ишларга қодир бўлади,- дейди Адашали ота Бекмирзаев.

Тиббий маданиятни оширишга йўналтирилган тарғибот ишлари мундарижаси тобора бойиб борди. Кейинги тингловчилар эса тумандаги касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган йигит ва қизлар бўлишди. Соғлом ҳаёт кечириш сирлари ҳақидаги суҳбат барчанинг диққатини тортди. Қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, зарарли одатлардан сақланишга оид мавзулар эса видеоролик воситасида талқин этилди. Бўлим мудирлари Отабек Раҳимов, Анваржон Алихоновлар иштирокчиларга саломатликни мустаҳкамлаш ҳақида тавсия берувчи ўндан ортиқ турдаги буклетларни тарқатишди.

-Мазкур акцияга Учқўрғонда асос солинди. Энди уни вилоятимизнинг барча туманларида бундан ҳам оммабоп тусда ташкиллаш режасини тузиб олдик. Масадимиз нафақат маъруза ва чиқишлар билангина эмас, балки одамларни қизиқтириш, фаолларнинг намунаси билан соғлом ҳаёт кечиришга самаралироқ равишда ундашдан иборат,- дейди  Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти вилоят бўлинмаси директори вазифасини бажарувчи Ирода Мусаева.

 Шу куни ўйингоҳда лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида  спортнинг бешта тури бўйича турнирлар бўлиб ўтди. Енгил атлетикачилар баҳси арқон тортиш беллашувларига, футбол ўйинлари эса чим устида хоккей мусобақаларига уланиб кетди. Ҳар бир жамоа аъзоллари ҳамжиҳатликда курашиб, ғолиблар сафида бўлиш учун интилдилар. Кучлиларнинг энг кучлилари совриндорлар сафидан ўрин олди. Спортчи ўғил-қизларнинг саломатлиги шифокорларнинг қатъий назоратида турди. Биринчилик якунида  фаол ва маҳоратли спортчилар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг алоҳида совринлари билан тақдирланди. Совғаларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов тантанали суръатда болаларга топширди.

                                                                                  Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш