Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Буни Наманган ва Челябинск вилоятлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам яққол тасдиқлайди. Вилоятимиз вакиллари ўтган йили Челябинскда бўлган эдилар. Жорий йилнинг 18 май куни эса Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский бошчилигидаги делегация аъзолари Наманганга келишди.

Россиялик меҳмонлар орасида соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ҳам бор эди. Улар ташриф давомида Наманган тиббиётининг ўтмиши ва бугунги куни ҳамда истиқболи билан танишдилар. Наманганлик шифокорлар билан бўлиб ўтган учрашув  ва мулоқотларда бу ҳақда маълумот берилди. Жумладан, Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Приколотин раҳбарлигидаги гуруҳ учун Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида қабул маросими ўтказилди. Бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ҳамкорларимиз вакилларини Наманган заминига  қилган ташрифлари билан қутлади.

Меҳмонларга мамлакатимиз тиббиётида кечаётган ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгаришлар, хусусан қишлоқларда оилавий поликлиникалар шаклланганлиги, тез тиббий ёрдам тизими такомиллаштирилаётганлиги, ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари фаолияти замон талаблари даражасида ривожлантирилаётганлиги, жумладан хусусий тиббиёт тармоғи ҳам жадал суръатларда тараққий этиб бораётганлиги ҳақида сўзлаб берилди.

 Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Приколотин, Челябинск вилояти онкология маркази бош шифокори Андрей Важенин, Челябинск вилояти болалар клиник шифохонаси бош шифокори Галина Киреева, Маиск тиббиёт заводи директорлар Кенгаши раиси Владимир Супрунлар учрашув чоғида  вилоятларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари  доираси табора кенгайиб бораётганлиги соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ижобий натижалар беришига умид билдирдилар.

Қабул маросими сўнгида Наманган ва Челябинск вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга мўлжалланган меморандум имзоланди.

Челябинсклик шифокорлар ва тиббиёт соҳаси ишбилармон доиралари вилоят кардиология марказида ҳам  карнай-сурнай садолари остида ғоят шоду хуррамлик билан кутиб олиниди. Бош шифокор Зафаржон Жўрабоев меҳмонларга кардиология марказининг салоҳияти ва келгусида уни янада ривожлантириш  борасидаги лойиҳалар ҳақида гапириб берди. Рентгентдовоскуляр жарроҳлик бўлими, жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган блоклар, беморлар даволанадиган замонавий палаталар кўрсатилди. Марказда энг такомиллашган технологиялар жорий этилганлиги боис эндиликда пойтахтда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётларини бевосита Наманганда амалга ошириш жорий этилганлиги ҳақида айтилди. Қайта реконструкциялаш чоғида Миаск тиббиёт заводидан олинган асбоб-ускуна ва жиҳозлардан фойдаланилганлиги меҳмонлар эътиборини тортди.

  Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазасига устувор аҳамият берилаётганлигигига  вилоят перинатал марказига ташриф чоғида амин бўлинди.  Челябинск соғлиқни сақлаш вазири Сергей Приколотин бошчилигида келган меҳмонларга вилоят перинатал марказининг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида гинекология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаева слейдлар воситасида ҳикоя қилиб берди. Шундан сўнг муддатидан олдин туғилган чақолоқлар,бемор гўдаклар, чақолоқлар реанимацияси бўлимлари кўздан кечирилди. Савол-жавоблар чоғида марказда татбиқ қилинган юксак технологияли тиббий хизматга юқори баҳо берилди. Ташриф якунида Челябинск вилояти ва Наманган вилояти перинатал марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзоланди.

Челябинск вилояти болалар клиник шифохонаси бош шифокори Галина Киреева ва Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик  Раҳмоновлар мазкур тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан тузилган меморандумни имзоладилар.

-Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ибратли ишларни кўриб ҳайратга тушдик,- дейди Галина Киреева. – Тиббиёт ғоят юксак даражада равнақ топяпти. Тиббиётда юқори технологиялар дадиллик билан жорий этиляпти. Соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқлардан хали кўпчилик давлатлар ибрат оладиган фурсат келишига ишонаман.

Наманганда онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва самарали даволаш борасида ҳам бой тажриба тўпланган. Ўтган йили кўплаб давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар ҳам буни эътироф этишган. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалига келган челябинсклик шифокорларга бу ҳақда сўзлаб берилди. Филиал раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Ҳотамов меҳмонларни энг янги технологик имкониятларга эга бўлган маммография аппарати билан таништирди. Радиология соҳасида қўлланилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар ҳам уларда катта таассурот қолдирди.

 Мулоқот чоғида Челябинск вилояти соғлиқни сақлаш вазири Сергей Приколотин ва шу вилоят онкология маркази бош шифокори Андрей Важенинлар ҳар икки вилоят тиббиёт муассасаларида татбиқ этилаётган янгиликлар тўғрисида маълумот алмашиш, шифокорлар малакасини ошириш амалиётини жорий этиш ҳақида таклифлар билдиришди. Шу ва бошқа йўналишлар бўйича биргаликдаги фаолият истиқболлари белгиланган меморандум имзоланди.

-Хизмат тақозоси билан пойтахтингиз Тошкентда, қадимий шаҳар Самарқандда бўлганман. Наманганга келиб амин бўлдимки, тиббиёт жуда ҳам тез, замон талаблари даражасида олдинлаб бормоқда. Бизда ҳам ўрганса, қўлланса арзийдиган тажрибалар бор. Ўтган йили наманганлик шифокорларнинг малакасини оширишга имконият яратиб бердик. Бугун вазирлик ва бошқарма, қатор тиббиёт муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш юзасидан меморандумлар расмийлаштирилди. Ўйлайманки, келгусида ҳамкорлигимиз бундан-да ривожланади. Энг муҳими, соғлиқни сақлаш тизимини юксалтиришга эришамиз,- дейди Сергей Приколотин.

Интилганга толе ёр, дейди доно халқимиз. Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ижтимоий-иқтисодий муносабатларида тиббиёт соҳасидаги изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ аҳолига малакали  ва кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси янада юқори босқичга кўтарилишига ишончимиз комил.

                                                                                            Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш