Намангандаги яккатутни биласизми?

56

Юртимиз табиати мўъжизаларга шу қадар бойки, баъзан ёнгинамизда, ҳар куни бир неча бор кўзимиз тушадиган мўъжизаларни сезмай ҳам қоламиз.
Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Машад қишлоғида асрларни қаритаётган тут дарахти – Яккатут бобо (маҳаллий аҳоли уни шундай атайди) ҳам ана шундай ноёб воқеликлардан биридир. Агар Президентимиз эътибор қилмаганларида, эҳтимол, вилоят ҳудудида шундай азим дарахт борлигидан кўпчилик ҳамон бехабар юрган бўлармиди?!

2.JPG Ўшанда, яъни 2015 йили, ҳали Бош вазир лавозимида ишлаётган Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари йиғилишида туризмни ривожлантириш борасидаги вазифалар ҳақида гапира туриб, тўсатдан “Наманганликлар орасида Яккатутни кўрганлар, биладиганлар борми?”, деб сўраб қолди. (Залдаги ноқулай безовталикдан тахмин қилиш мумкин эдики, Яккатутни биладиганлардан билмайдиганлар кўп эди.) “Ўша мингйиллик тут дарахти экотуризм йўналишига киритилса, арзийдиган табиат мўъжизаларидан бири, сайёҳлар эътиборини тортадиган чоралар кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлади!”
Эртасига Яккатутни кўргани бордик. Яккатут бобо атрофи ҳукумат раҳбарининг енгилгина танбеҳларидан кейин томошага келганлар билан гавжум бўлиб қолган эди.
1 (1).JPG Дарҳақиқат, ушбу муаззам тут ҳар қанча йўл босиб бўлса-да, келиб томоша қилишга, соясида ўтириб тафаккур ва ҳайрат уммонига ғарқ бўлишга арзийдиган дарахт экан. Наманган давлат университети ўқитувчиси, педагогика фанлари номзоди Комилжон Абдуллаевнинг сўзларига кўра, бу тут дарахтининг ёши 1000 йил атрофида.
– Болалигимизда ҳам бу тутнинг салобати бугунгидай эди, – дейди Комилжон ака. – Бобомизнинг боболари ҳам невараларига тут экилганига беш юз йилдан ошгани ҳақида гапириб берган экан.
Ривоятларга қараганда, Норин дарёси мана шу Яккатут бобо пойидан оқиб ўтган. Айни шу тутга кемалар боғлаб қўйилган. Ҳазрати Хизир шу ердан ўтаётиб дарё бўйида тўхтайди ва асоларини ерга санчиб қўяди. Ана шу асо илдиз отиб, япроқ ёзади ва асрлар мобайнида униб-ўсиб, каттакон тутга айланади. Унинг сояси йўловчилар учун жазирамадан паноҳ бўлса, шиғил меваси “тут пишиғига етиб олсак, у ёғига яшаймиз”, дея оч-юпун яшаётганлар дардига дармон бўлган.
Яна бир ривоятга кўра, шу тут остида бир буюк аллома яшар, дам-бадам унинг ҳузурига турли юртлардан фозилу фузалолар келиб, нафис мажлислар қуришар экан. Шундай кунларнинг бирида дарё тўлқинланиб, шовуллаб уламолар суҳбатига ҳалақит берибди. Шунда ҳалиги аллома дарёга қараб қўл силтаб “Нари кет!”, дебди. Дарё ҳам дарҳол тутнинг пойидан чекиниб, ўзининг ҳозирги ўзанини эгаллабди. Норин дарёсининг номи ҳам шундан – “нари кет”дан шаклланган эмиш.
Яккатутнинг айланасига ўн тўрт кишининг қулочи зўрға етади. Бугун унинг атрофи обод қилиниб, табиатнинг жонли ёдгорлигига муносиб сайилгоҳга айлантирилган. Уни кўришга сиз ҳам бир келинг, вақтингиз, нақдингиз кетганига асло ачинмайсиз.
 Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
Улашиш