Норин туманида матбуот ва ахборот-кутубхона маркази очилди

29

Бу бинога туман ҳокимлигининг “Норин овози” газетаси таҳририяти ҳам жойлашди. Жорий йилнинг 16 май куни ушбу зиё масканининг очилишига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда матбуот, ахборот, кутубхоналар фаолияти ривожлантирилмоқда. Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271 қарори мамлакатимизда китобхонликни юксак поғонага кўтармоқда. Шу асосда юртимизда, жумладан вилоятимиз шаҳар ва туманларида кенг қамровли ишлар, тадбирлар амалга оширилмоқда. “Энг ёш китобхон” танловининг ҳудудий ҳамда республика босқичлари бўлиб ўтди.

Вилоятимизда “Энг намунали китоб дўкони” кўрик-танлови ўтказилди.

Ҳозиргача ҳар бир туманда бармоқ билан санарли китоб дўконлари фаолият юритиб келганди. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят бўйича уларнинг сони 54 тага етди. Ушбу стационар китоб дўконлари ҳамда мавжуд 215 та кутубхоналар одамлар маънавий камолининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шунинг учун вилоятдаги мавжуд 770 та МФЙ ҳудудида 355 та мўъжазгина китоб дўконлари, МФЙ биноларида эса китобхонлар бурчаги ташкил этилди. Қолаверса турли мол ва маҳсулотлар билан савдо қилувчи супермаркет ва дўконларда 301 та китоб расталари ташкил қилинди. Бу борада Норин туманида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Аввало, Ҳаққулобод шаҳар марказида иккита, Тошлоқ МФЙда битта, Қозоқовул МФЙда битта китоб дўкони яратилди.

Президентимизнинг юқоридаги қарори ижроси юзасидан Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 мартдаги Раёсат мажлиси баёни ижроси асосида матбуот ва ахборот — кутубхона маркази давлат хўжалик бошқаруви идоралари ҳамкорлигида очилмоқда. Баёнда таъкидланганидек, мазкур биноларни қуриш ва сақлаш туман ва шаҳар ҳокимликлари зиммасига, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва амалий-услубий ёрдам кўрсатиш матбуот ва ахборот агентлиги зиммасига юклатилган. Шундан келиб чиқиб, мазкур бинони капитал таъмирлашни ҳокимлик, замонавий дизайн асосида жиҳозлаш, янги адабиётлар билан таъминлаш ишини агентлик бажарди. Кутубхона ҳар ойда, ҳар чоракда янги-янги асарлар билан бойитиб борилади.

Яқин кунларда туман молия бўлими китоб хариди учун кутубхонага камида 500 млн. сўм пул ажратиш масаласини ҳал этмоқда.

Китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида «Энг китобхон мактаб», «Энг китобхон маҳалла», «Энг китобхон оила», «Энг фаол кутубхоначи», «Энг фаол ёш китобхон» каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ўтказиш ҳам керак.

Жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти яна бир тарихий қарорга имзо чекдилар. Бу  “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар  ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарордир.

 Улуғ аждодларимизнинг ақл заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар –хусусан, математика, минералогия, кимё ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг ҳалқимизнинг балки, жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Ана шундай беқиёс меросимизни, буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида “Китобхонлик танлови”ни ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш вазифалари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентликларига юклатилди.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг, миллатнинг келажаги йўқ”. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди.

Бу ҳақда анжуманни олиб борган вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров, маъруза қилган Норин туман ҳокими Дилмурод Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев, кутубхонага ўз тизимидаги нашриётлардан икки минг донадан ортиқ китоб совға қилган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев, меҳнат фахрийси Тўлашмирза Раҳматчаевларнинг қалб кечинмалари йиғилганларни тўлқинлантириб юборди.

Лента қирқилиб, бинога кирилди. Бу ердаги қарийб 10 минг китоб, китобларнинг электрон нусхаси, китобхонликка даъват этувчи чақириқлар, янги, замонавий жиҳозлар ҳар бир китоб мухлисига яратилган шароитдан далолатдир.

Ҳадамжон  МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Улашиш