Сиз эҳтиёжмандга бирни берсангиз, Аллоҳ сизга мингни бергай, иншаоллоҳ!

57

Сийлаи раҳм инсонларни бир-бирига яқинлаштирувчи бебаҳо неъмат. У қалбда зоҳир бўлсагина, охират савоби учун бир қадам ташлаган бўламиз. Бойни фақирга, эҳтиёжмандни бадавлатга боғловчи ришта – мурувват бўлиб, Яратганнинг марҳаматига сазовор бўлишни истовчилар орамизда жуда ҳам кўп.

Аллоҳга беҳад шукурлар бўлсинким, ана шундай хайрли ва эзгу мақсадни дилга жо этиб улуғ бир савобга эга бўлишлик йўлида ҳаракат бошладик. Улуғ ва баракотли моҳи Рамазон кунларида юртдошларимизнинг қалбида шоядки меҳр ва оқибат туйғулари бош кўтарса-да, муҳтожларга, бева-бечораларга, эҳтиёжмандларга, боқувчисини йўқотганларга, беморларга,  қаровчиси йўқ кексаларга, йўл қараган, нажот кутган ногиронларга, тўшакка михланиб қолган яқинларимизга ёрдам қўлини чўзсак…

Яқинда бир гуруҳ юртдошларимиз атаган эҳсонларини шаҳримиздаги 30 та эҳтиёжманд кишиларнинг хонадонларига ун, ёғ, гуруч, гўшт, каби маҳсулотлар жамланмасини  элтишимизни ва ҳақларига дуо қилишимизни сўрадилар. Исмларини сир тутишимизни илтимос қилдиларки, «Марҳаматли зот ўзи кўргувчи, билгувчи, биз кимгадир ўзимизни кўз-кўзлаш ниятидан йироқмиз. Бизнинг кимгадир қилаётган эҳсонимиз юртдошларимиз қалбига озгина бўлса-да қувонч олиб кирса бас» дейишганларида рости гап тўлқинландик, кўзларимизга ёш келди. Маърифатпарвар, бир-бирига оғир кунда елка тутадиган, Аллоҳни таниган биродарларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз бор экан, ҳеч қачон юртимиздан, гўзал Намангонимиздан файз-барака кўтарилмайди.

Бир-бирларимиздан ибрат олиб, саховатпешаликда, оқибатлиликда ўзимизни кўрсата олсак нур устига аъло нур.

Гуруҳимиз хайрли мақсадлар йўлида ташкил этилган эди, демак, у ўзининг илк натижаларини бера бошлади. Биз ЯХШИЛИК йўлида каналимизни «НАЖОТ» дея номладик. Зеро, бизга ёрдам сўраб мурожаат қилаётган ҳамюртларимиз кўп. Биз бир воситачимиз, холос. Сизнинг ёрдамингиз, кўмагингизни ўз эгаларига етказишдек улуғ ниятимиз бор.

Демак, олға, сафимизга қўшилинг, бизни қўллаб-қувватланг. Сиз эҳтиёжмандга бирни берсангиз, Аллоҳ Сизга мингни бергай, иншаоллоҳ!

Улашиш