Рамазон ойи муборак бўлсин!

53

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамдлар бўлсинки, соғинч ва иштиёқ билан кутилган ойларнинг султони эзгулик ва раҳмат ойи, Қуръон тиловатлари кўп  ўқиладиган, инсонлар кўпроқ савоб қиладиган, саховату дуо, таровеҳу Қуръон тиловотлар ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан кириб келди.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамlа нафс  ва шайтонлар мағлуб этилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рамазон рўзасини имон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутса ҳамда  кечалари қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади» деб марҳамат қилинади. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Фазл ўз «Муснадида» Салмон (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда. Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан  ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди. Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади. У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?»,  дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун каффорот бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди.

У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир. Ким унда ўз мамлукига (қул ва чўрисига) енгиллик яратса, Аллоҳ уни дўзахдан озод қилади».

Аллоҳим! Рамазон ойининг ана шу фазилатларидан барчамизни баҳраманд эт! Уни биз учун умрларимизнинг энг савоблиси ва мазмунлиси қил! Шу ойнинг шарофатидан қолган ойларимизни ҳам баракотли, хайрли қилиб, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликларингни бардавом қил!

Абдулбосит МАМАДАЛИЕВ,

Наманган шаҳридаги

 «Абдуллоҳ Маъсуд» жоъме масжиди имом хатиби.

Улашиш