Челябинск губернатори Наманганга келяпти

115
Ҳудудлараро ҳамкорликни ўрнатиш, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ижтимоий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида биргаликда ишлашни йўлга қўйиш борасида Ўзбекистон ва Россия вилоятлари ўртасида ўтган йили кўлами кенгайишга бошлаган алоқалар, янада ортишга давом этмоқда. Ўтган йили 29 мартда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси, Россиянинг Челябинск вилоятига ташриф амалга оширганди. Ташриф доирасида инвестиция, савдо-сотиқ, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорлик келишувлари имзоланганди. Наманган вилояти делегациясини Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский қабул қилганди, икки ҳудуд раҳбари кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказишганди ва ҳамкорликни ўрнатиш бўйича протокол имзолагандилар.
Мана, орадан бир йил ўтиб, энди Борис Дубровский бошчилигидаги Челябинск вилояти делегацияси Наманганга келмоқда,  деб хабар беради «Vodiymedia.uz».

18-19 май кунлари амалга ошадиган бу ташриф, икки вилоят ўртасидаги шаклланиб улгурган ҳамкорликни янада янги босқичга кўтариши кутилмоқда.

Ташриф мобайнида меҳмонлар Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойлари билан танишишади, вилоятдаги олий таълим муассасаларига ташриф буюришади. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда вилоятдаги йирик соғлиқни сақлаш масканларини бориб кўришади.
Ташриф дастуридан икки вилоят ишбилармонлик доиралари иштирокидаги B2B (business to business) Бизнес Форуми ҳамда Наманган ва Челябинск вилоятлари инвестицион салоҳиятининг намойиши ўтказилиши ҳам ўрин олган. Форум якунида Хайрулло Бозоров ва Борис Дубровский Наманган вилояти ва Челябинск вилояти ўртасида  ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзолайдилар.
Россиялик меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Дўстлик уйи”га бориб, Рус маданияти маркази вакиллари билан мулоқот қилишади.
Энг эътиборли тарафлардан яна бири, Челябинск вилояти делегацияси Наманган вилоятидаги замонавий спорт объектлари билан яқиндан танишади, ташриф кунлари бўлиб ўтадиган Наманган –Челябинск бокс мусобақасини томоша қилишади.
Улашиш